Юртимизда таълим муассасалари педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ҳамда унинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш ҳолатлари учрамоқда.

Хусусан, таълим муассасаси педагог ходимлари хизмат вазифаларини бажараётган пайтлари айрим фуқаролар ва мансабдор шахслар томонидан тўсқинлик қилиш кўплаб кузатилмоқда. Шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали педагогларнинг қонунда белгилаб қўйилган ҳуқуқлари поймол қилинган видеоёзувлар тарқалаётганлигининг гувоҳи бўлмоқдамиз.

Бош прокуратура ташаббуси билан ишлаб чиқилган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 679-сонли Қонун Президент томонидан имзоланиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 1975 - модда билан тўлдирилди.

Унга кўра, таълим муассасалари педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки таълим муассасаси педагог ходимининг хизмат вазифаларини бажаришга тўсқинлик қилиш жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.

Таълим муассасаси педагог ходимининг касбий фаолиятига таълим олувчилар билимини тўғри ва холис баҳолашига таъсир кўрсатиш билан ифодаланган тарзда қонунга хилоф равишда аралашиш ёки таълим муассасаси педагог ходимининг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш - фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача (1 млн. 115 минг сўмдан 1 млн. 561 минг сўмгача), мансабдор шахсларга эса - етти бараваридан ўн бараваригача (1 млн. 561 минг сўмдан 2 млн. 230 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса - фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан ўн бараваригача (1 млн. 561 минг сўмдан 2 млн. 230 минг сўмгача), мансабдор шахсларга эса - ўн бараваридан ўн беш бараваригача (2 млн. 230 минг сўмдан 3 млн. 345 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу ҳуқуқбузарлик содир этилганда таълим муассасасининг педагог ходими маъмурий баённома тузмасдан ўз аризасида ҳуқуқбузарнинг шахси, ҳуқуқбузарлик содир этилган жой, вақт ва унинг моҳияти тўғрисидаги маълумотларни ҳамда бошқа зарур бўлган маълумотларни кўрсатган ҳолда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Анвархон Саидаҳмадхонов, туман адлия

бўлими бош маслаҳатчиси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.