Ўзбекистон Республикаси Президентининг тумандаги Халқ қабулхонаси мудири Тоҳирахон Мўйдинова билан суҳбат

- Бизнингча, кейинги йилларда республикамизда амалга оширилган ислоҳотларнинг энг муҳим жиҳатларидан бири, бу халқни эшитиш ва унинг муаммоларини ҳал этишга нисбатан эътиборнинг кучайганлигидир. Бу борада Халқ қабулхоналари муҳим аҳамият касб этяпти.

- Тўғри, Президентимиз ташаббуслари билан жорий қилинган мазкур тизимнинг ҳақиқатан фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда алоҳида ўрни бор.  Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхонаси бевосита давлат раҳбарига мурожаат қилиш, халқ билан доимий мулоқот олиб бориш, одамларни қийнаб келаётган муаммоларни ўз вақтида самарали ҳал этишнинг таъсирчан механизмига айланди. "Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак", деган асосий тамойил асосида фаолият кўрсатишга ҳаракат қилмоқдамиз.

- Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида тушган мурожаатлар ҳақида маълумот берсангиз.

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг Косонсой туманидаги Халқ қабулхонаси томонидан   2022 йилнинг ўтган ойлари давомида 322 та ёзма мурожаат келиб тушган. Уларнинг 282 таси ҳудудлардаги мутасаддиларга, 33 таси юқори ташкилотларга мазмунан кўриб чиқиш учун юборилган. 7 таси эса Халқ қабулхонаси томонидан ўрганиб чиқилиб, ижобий ҳал этилган.

- Улар ичида энг кўп такрорланадиган йўналишлар қайсилар? Чунки шунга қараб туриб, туманда қайси соҳаларда муаммолар кўпроқ эканлигини билиб олиш мумкин.

- Мурожаатларда қайд этилган энг долзарб муаммолар ҳамда энг кўп такрорланаётган масалалар соҳалар бўйича таҳлил қилинганда, 84 таси газ, электр энергияси, ичимлик ва оқава  сув таъминоти, 17 таси уй-жой, 25 таси соғлиқни сақлаш, 37 таси иш билан таъминлаш, 52 таси моддий ёрдам мазмунида эканлиги кўзга ташланади. Шунингдек, ички ишлар фаолиятига оид,  алимент ундирилиши, суд-ҳуқуқ, қурилиш масаласида мурожаатлар ҳам мавжуд.

Муҳими, аксарият мурожаатлар ўз ўрнида  ҳал этилмоқда.  Масалан, "Баҳорис-тон" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Б. Кенжаева фермер хўжалигида териб топширган пахта учун иш ҳақи  берилмаётганидан норози бўлиб, ариза ёзганди, ҳолат ўрганиб чиқилди ва мурожаатчининг қонуний иш ҳақлари ундирилишига эришилди.

- Тиббий ордер олиш ва имтиёзли даволаниш борасидаги мурожаатларнинг ҳал этилишига тўхталсангиз.

- Бу борада 17 та мурожаат ижобий ҳал этилди. Мисол учун,  "Бомраҳа" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ражабова Мўътабаржон гепатит касаллиги билан оғриб келиши, доимий "Д" назоратида туриши ва моддий томондан қийналганлиги сабабли имтиёзли даволанишни сўраб, мурожаат этди.  Халқ қабулхонаси аралашуви билан  унга тиббиёт бирлашмасининг терапия бўлимида имтиёзли даволаниш учун йўлланма берилди. "Ўзбекистон" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ортиқова Наргиза Тошкент шаҳридаги академик В. Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган жарроҳлик илмий-амалий тиббиёт марказига даволаниш учун махсус ордерга эга бўлди. "Ўрта кўча" маҳалласида ўтказилган тиббий кўрик давомида фуқаро Муродиллаев Нурмуҳаммадда эса юрак касаллиги аниқланиб, у ҳам пойтахтда даволаниш имтиёзини қўлга киритди.

- Халқ қабулхонаси ташаббуси билан ўтказилаётган тадбирлар ҳақида гапириб берсангиз.

- Апрель ойининг аввалида "Янги йўл" маҳалла фуқаролар йиғинида "Бир Халқ қабулхонаси - бир маҳалла" тамойили асосида тиббий кўрик ташкил этдик. Унда УЗИ, ЭКГ ва бошқа апаратлар ёрдамида 170 дан ортиқ фуқаролар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Улар терапевт, невролог, травматолог, инфекционист, акушер-гинеколог, ЛОР, офтальмолог каби врачлардан маслаҳатлар олдилар ҳамда бепул дори-дармонлар билан таъминландилар.

Шунингдек, фуқароларнинг маиший газ баллони билан таъминланишдаги мурожаатлари ҳам обдон ўрганилмоқда. Қолаверса, фойдали меҳнат билан банд қилиш, электр таъминотидаги муаммоларни ҳал қилиш борасида ҳам мурожаатларни ўрни-ўрнида ҳал этмоқдамиз.

- Секторлар раҳбарлари билан ҳамкорликда сайёр қабуллар ҳам ўтказиляптими?

- Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан аҳолининг турли қатламлари билан тўғридан-тўғри мулоқотни кенгайтириш, мавжуд долзарб муаммоларни аниқлаш мақсадида туман секторлари раҳбарларининг ҳар бир чорак учун ҳудудларда шахсий сайёр қабулларини ўтказиш жадвали ишлаб чиқилган. 2022 йил давомида 48 маротаба ана шундай қабулларни ташкиллаштириш режалаштирилган.

Ўтказилган сайёр қабулларда келиб тушган 105 та мурожаатдан 78 таси қаноатлантирилди, 27 таси ўрганиш жараёнида. 4-сектор раҳбари томонидан жорий йилнинг февралида "Соҳибкор" маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган сайёр қабулда фуқаро Ҳамид Азимовнинг оилавий шароити оғирлиги, уй-жойини таъмирлаш учун қурилиш материаллари олишда ёрдам бериш зарурлиги тўғрисидаги мурожаати ижобий ҳал этилди. Яъни ҳомийлар кўмаги билан унга 1 тонна цемент  олиб берилди.    

3-сектор раҳбари, Халқ қабулхонаси мудири ҳамда ҳоким ёрдамчиси томонидан "Ёшлик" маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган сайёр қабулда Комилжон Маҳкамов томонидан билдирилган мурожаат ҳам ечимини топди: аҳолини сифатли электр таъминоти билан таъминлаш учун 45 та бетон таянч устунлари ўрнатишда амалий ёрдам берилди, 1,5 километрга тармоқ тортиладиган бўлди.

2-сектор раҳбари томонидан "Булоқбоши" маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган сайёр қабулда Мақсуджон Мўминов ҳамда Раҳимажон Сулаймановаларнинг ер участкаси борасидаги мурожаати юзасидан дастлаб атрофлича тушунтириш берилди. Сўнг ер майдони олишда амалий кўмак кўрсатиш учун ҳоким ёрдамчиси иштирокида электрон калит олиниб, бўш ер майдонига ариза берилди. Энди улар аукционда ерни сотиб олиш орқали ишли бўладилар.

- Мурожаатларга мутасаддилар томонидан етарлича эътибор қаратмаслик ҳолатлари ҳам учраб турибдими?

- Тўғри, шоли курмаксиз бўлмаганидай, айрим раҳбарлар мурожаатга у қадар эътибор қаратавермайдилар. Белгиланган муддатда мурожаатчига жавоб бериш, масалани ўз вақтида ҳал этиш тартибига амал қилинмайдиган ҳолатлар ҳам учраб туради. Бу борада биз доимо назорат олиб бораяпмиз. Хусусан, ташкилот ва корхоналар, муассасалар кесимида мурожаатларнинг ортиши, муддатларнинг бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар, уларга берилган жавоблар таҳлил қилиниб, ўрганишлар олиб борилмоқда. Жорий йилнинг 1-чораги давомида 8 та тақдимномалар, 1 та таклиф, Халқ депутатлари туман Кенгашига 3 та ахборот киритилди. Натижада 25 нафар мутасадди ходим огоҳлантирилди, 5 нафар ходимларга "хайфсан" берилди, 2 нафар раҳбарлар маъмурий жавобгарликка тортилди.

Хуллас, ҳар бир мурожаат эътиборда бўлиши, унда кўтарилаётган масалалар ўз ўрнида ҳал этилиши устидан назоратни кучайтирмоқдамиз. Зеро, биргина мурожаатнинг ортида камида бир инсон, аксарият ҳолларда эса ўнлаб ва юзлаб фуқароларнинг дарди-ташвиши ётган бўлади.

Анорбой ОЛИМОВ суҳбатлашди.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.