Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида фаолияти давлатимиз раҳбари томонидан йўлга қўйилган Халқ қабулхонаси аҳамияти беқиёс бўлмоқда. Зеро, мазкур тизимнинг асоси бўлган Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхонаси бевосита давлат раҳбарига мурожаат қилиш, халқ билан доимий мулоқот олиб бориш, одамларни қийнаб келаётган муаммоларни ўз вақтида самарали ҳал этишнинг таъсирчан механизмига айланди.

Президентимиз Ш. Мирзиёев таъбири билан айтганда, бошқарув тизими сифатини оширишда "Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак", деган асосий тамойилни амалда тўлиқ таъминлаш бўйича ҳали кўп иш қилишимиз зарур".

Ўзбекистон Республикаси Президентининг туманимиздаги Халқ қабулхонаси аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, фуқаролар мурожаатлари билан ишлашнинг энг самарали тизими фаолиятини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда.

Халқ қабулхонаси жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда уларга энг яқин бўлган ҳақиқий халқчил демократик институт ҳисобланади. Шу боис ҳар бир жисмоний ва юридик шахс мурожаати идорамиз томонидан ҳар томонлама чуқур таҳлил этилган ҳолда ўрганиб чиқилмоқда. Зарурат вужудга келганда эса мурожаатлар ўз ўрнида бошқа тегишли давлат идоралари билан ҳамкорликда ҳал этилмоқда.

Жумладан,  2021 йилнинг 9 ойи давомида 853 та ёзма равишда мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 601 таси ҳудудлардаги, 150 таси юқори ташкилотларга мазмунан кўриб чиқишлик учун юборилган. 102 таси қабулхонамиз томонидан ўрганиб чиқилиб, ижобий ҳал этилган.

Мурожаатларда қайд этилган долзарб муаммолар ҳамда энг кўп такрорланаётган масалалар соҳалар бўйича таҳлил қилинганда, соғлиқни сақлаш, коммунал хизматлар, бандлик масалаларидаги ариза ҳамда шикоятлар кўпроқ эканлиги кўзга ташланади. Қолаверса, ички ишлар фаолиятига оид,  кредит олиш ҳамда алимент масласидаги мурожаатлар ҳам талайгина. Муҳими, биз уларнинг ҳар бирига алоҳида эътибор билан ёндашиб келмоқдамиз.

Масалан, "Жар" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаронинг укаси болаликдан ногирон эканлиги сабабли уни махсус  аравача билан таъминлаш юзасидан қилган мурожаати  ижобий ҳал этилди.  "Гузар" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаронинг уй-жой ҳамда иш билан таъминлаш масаласидаги мурожаати ҳам ечимини топди. "Қорасув" маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи бир фуқаронинг ўғлига туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олишда қийинчиликларга учраб, сарсон бўлганлиги билан боғлик масала ҳам Халқ қабулхонаси аралашуви билан  қисқа муддатда ҳал қилинди.

Хуллас, инсон бирор муаммога дуч келса, унда ёрдам сўраб, давлат идорасига мурожаат қилиш эҳтиёжи пайдо бўлади. Муаммога ечим  топилишига умид уйғониши давлат идораларига бўлган ишончни оширади. Масаланинг бутунлай ижобий ҳал қилиниши эса ҳурматни кучайтиради. Энг муҳими, инсон жамиятда қадрланаётганини ҳис этади. Буни асло унутмаслик лозим. Халқ дарду ташвиши билан яшаш бугунги кун талаби эканлиги ҳар бир соҳа етакчиларининг  ёдидан чиқмаслиги керак.

Т. МУЙДИНОВА, Ўзбекистон Республикаси Президентининг

тумандаги Халқ қабулхонаси мудири.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.