Мамлакатимизда  тадбиркорларга ҳар қачонгидан-да кўпроқ эътибор берилаётганлиги, улар фаолияти учун қулай шароитлар яратилаётганлигига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Бунга ортиқча изоҳ беришнинг ҳожати йўқ. Президентимиз шу йилнинг 20 августида ўн мингга яқин тадбиркорлар иштирокида  очиқ мулоқот ўтказгани ва мазкур учрашувда  20 август  "Тадбиркорлар куни" деб эълон қилингани фикримизга яққол мисол бўла олади.

Аксарият ҳамюртларимиз бундай эътибор ва ғамхўрликка муносиб жавоб берган ҳолда ўз фаолиятларини тобора такомиллаштирмоқдалар. Банк муассасалари томонидан ажратилаётган кредитлар эвазига харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва сифатли хизмат кўрсатиш ҳаракатида бўлинмоқда. Бироқ айрим кимсалар бундай жараёндан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга уриняптилар.

Чортоқ туманида рўйхатдан ўтган "Севара гранд мебеллари" МЧЖнинг таъсисчиси ва раҳбари сифатида фаолият юритиб келган Муҳаммадбобур Ортиқов МЧЖнинг молиявий-хўжалик фаолиятига раҳбарлик қилиш ваколати борлиги ҳамда АТ "Халқ банки" Чортоқ тумани филиалидан кредит маблағлари ажратилишида таъминотчи эканлигидан фойдаланиб, жиноятга қўл урган. Аниқроғи, 2019 йил декабрь ойида 4 нафар фуқаронинг шахсига оид ҳужжатлари ва иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномаларини қўлга киритган ва уларнинг хабардорлигисиз хўжалик моллари ҳамда буюмлар сотиб олиш учун ҳар бирининг номига 20 миллион сўмдан, жами 80 миллион сўм истеъмол кредити учун сохта ҳужжатлар расмийлаштирган. Ана шу  ҳужжатларга асосан банкдаги жиноий шериклари орқали кредит маблағлари ажратилиши ҳамда уларни жамиятнинг ҳисоб рақамига ўтказилишига эришган ва маблағларни нақдлаштириб, маълум қисмини ҳамтовоғига берган, қолганларини эса ўзлаштириб юборган. Яъни  растрата қилиш йўли билан ушбу маблағларни талон-тарож қилган.

Шунингдек, М. Ортиқов яна ўз шериклари билан олдиндан тил бириктириб, бир гуруҳ бўлгани ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори, Марказий банк бошқарувининг "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури доирасида кредитлар ажратиш тўғрисидаги"  қарори талабларига зид равишда йўл тутган. Банк филиалига кредит олиш мақсадида мурожаат қилган Чортоқ туманида истиқомат қилувчи 2 нафар фуқаронинг кредит расмийлаштириш учун зарур бўлган ҳужжатларини қўлга киритган ва улар билан тикув машиналари етказиб бериш бўйича шартнома тузган. Аммо тикув машиналари етказиб берилмаган бўлса-да, маҳсулотлар олинганлиги тўғрисидаги ҳисоб варақ фактураларга имзо қўйдириб, ҳужжатларни сохталаштирган ва уларни банкка тақдим этиб, фуқароларнинг  номига ажратилган 60 миллион сўмга яқин кредит маблағини жамият ҳисоб рақамига ўтказиб, бу пулларни ҳам ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилган.

Афтидан, М. Ортиқовга бундай - осонлик билан даромад топиш ёқиб қолган кўринади. Чунки у жиноий ҳаракатларини давом эттираверган. Юқоридаги усулни қўллаб, 23 нафар фуқаро учун ажратилган, жами 594 миллион сўм миқдоридаги маблағларни мақсадли сарфламасдан, уларни ўзлаштириш ва рас-трата қилиш йўли билан талон-тарож қилган. Афсуски, "қаҳрамонимиз" бу билан ҳам қаноатланмаган ва жиноят кетидан жиноятга қўл ураверган. Охир оқибатда қилмишига яраша жазосини олди: унга нисбатан 5  йил 2  ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Юқорида таъкидлаганимиздек, бугунги кунда тадбиркорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Буни нотўғри тушунмаслик ва ишончни суиистеъмол қилиб, қинғир йўллар билан даромад топишга асло уринмаслик лозим. Акс ҳолда Қонун олдида жавоб беришга тўғри келади.

 

Миршоҳид РАЗЗОҚОВ,

вилоят прокуратураси уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.