Президентнинг 6277-сонли Фармони асосида жорий қилинган янги тартибга кўра, жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа ҳамда бола 2 ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш нафақаси ўрнига кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси  жорий этилди. Бунда инобатга олинадиган болалар ёши 14 ёшдан 18 ёшгача, тўлов муддати 6 ойдан 12 ойгача оширилди, унинг миқдорини оиладаги болалар сонидан келиб чиқиб белгилаш тартиби қўлланилади.

Шунингдек, якка-ёлғиз бўлган фуқароларга, фарзанди бўлмаган ёки барча фарзандлари 18 ёшдан катта бўлган кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинланиши келтириб ўтилган.

Фармонга кўра, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб болалар нафақаси ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тўловларининг миқдорларига ҳам тегишлича ўзгартириш киритилди. Унга кўра: 

- болалар нафақасининг ҳар ойлик миқдори:

250 000 сўм - 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанди учун, 325 000 сўм - ёши 3 ёшгача бўлган битта кичик фарзанди учун;

150 000 сўм - оиланинг иккинчи фарзанди учун қўшимча;

100 000 сўмдан - оиланинг учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун;

- кам таъминланган оилалар учун моддий ёрдамнинг ойлик миқдори - 380 000 сўм этиб белгиланган.

Шунингдек, жорий йилнинг 1 сентябрига қадар тайинланган 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола 2 ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш нафақаси ҳамда кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамни тўлаш муддатлари тугагунига қадар, мазкур турдаги нафақалар ва моддий ёрдамнинг амалдаги миқдорлари ҳамда уларни тўлаш муддатлари сақлаб қолинади.

 Н. ҒАЙБУЛЛАЕВА,  Бюджетдан ташқари

Пенсия жамғармаси туман бўлими бошлиғи.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.