Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-5886-сонли Фармони билан айрим шахсларга, шу жумладан, даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва (ёки) фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар тўланиши белгилаб берилган.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги "Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги 182-сонли қарор қабул қилинди.

Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга ажратиладиган субсидия даромади юқори бўлмаган шахсларга ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олишлари учун бошланғич бадал ёки кредит фоиз тўловларининг бир қисмини тўлаб бериш мақсадида давлат бюджетидан тўланадиган ва қайтариб берилмайдиган маблағдир.

Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш орқали даромади юқори бўлмаган ҳамда уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшлар ва шу тоифадаги бошқа аҳоли қатламларига кўмаклашиш ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож оилаларга субсидиялар ажратилади.

Субсидия олиш учун исталган туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказларига фуқаро ўзи келиб мурожаат этиши ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиши мумкин. Хизматдан фойдаланиш учун анкета-аризани электрон тарзда тўлдирилади ва қуйидаги ҳужжатларни илова этилади.

а) жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами маълумотлари;

б) оила аъзоларининг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами маълумотлари ва никоҳ қайд этилганлиги гувоҳномаси (тўлиқ оила ва никоҳ ҳамда вояга етган фарзандлар мавжуд бўлган тақдирда) ва (ёки) фарзандлар туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномалар (вояга етмаган фарзандлар мавжуд бўлган тақдирда) нусхалари;

в) белгиланган тартибда никоҳ бекор қилинганлиги ҳақидаги гувоҳнома ёки никоҳ ҳақиқий эмас деб тан олинганлиги тўғрисида суд қарори (никоҳ қайд этилган ҳолатда) ёки оилавий ҳолати тўғрисида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари архивидан маълумотнома нусхаси (никоҳ қайд этилмаган ҳолатда);

г) доимий прописка жойидан кадастр рақами ва турига тегишли маълумотлар (агар турар жойи доимий прописка жойи билан тўғри келса);

д) доимий прописка жойидан уй дафтарининг ёки квартиралар бўйича карточканинг (17-шакл) нусхаси (агар турар жойи доимий прописка жойи билан тўғри келса);

е) Ариза берувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг даромади ва ушлаб қолинган даромад солиқлари тўғрисидаги маълумотнома (қўшимча даромадлар бўлса солиқ декларацияси).

Ариза берувчидан ушбу бандда кўрсатилмаган маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.

Меҳнат мигрантлари номидан ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш тўғрисидаги аризани унинг оила аъзолари бериши мумкин.

Давлат хизматлари маркази ва ЯИДХП орқали кўрсатиладиган хизматлар ариза берувчиларга тўловларсиз амалга оширилади.

Ариза берувчи томонидан ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун ариза бериш муддати йилнинг 1 мартидан 1 октябргача этиб белгиланади. Ушбу муддат тугагандан кейин тақдим этилган аризалар кўриб чиқилмайди.

Э. ТОШПЎЛАТОВ, туман молия бўлими мудири.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.