Коронавирус пандемияси билан боғлиқ карантин пайтида аксарият ҳам-юртларимиз уйда қолиб, тез юқувчан вирус тарқалишиннг олдини олишга ўз ҳиссаларини қўшдилар. Аммо шундай тоифадаги кимсалар ҳам учрадики, улар ўзбилармонлик қилиб, карантин қоидаларига риоя этмасликка уриндилар. Туманимизда истиқомат қилувчи  Ғ.Ш. ҳамда И.Х.лар ана шундайлардан бўлиб чиқди.

Ғ. Ш. 22 апрель куни соат 21 лар чамасида таниши билан кўришган ва пул масаласида тортишиб қолиб, бақир-чақир қилган, куракда турмайдиган сўзлар билан майда безорилик содир этган. Сал кечроқ эса И. Х. билан биргаликда туман марказида ҳеч қандай заруратсиз ва ниқобсиз юриб, карантин қоидаларига хилоф иш тутган.

Бу икки "шоввоз" яна бир ҳуқуқбузарликка ҳам йўл қўйишган. Яъни Ғ.Ш. профилактика инспекторининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, у айтган манзилга бормаган. Бу ҳам етмаганидай, И.Х.га инспекторга телефон қилиб, ўзини ДХХ ходими сифатида ёлғондакам таништиришни айтган...

Хуллас, уларнинг "ўйин"лари узоққа чўзилмади. Охир оқибатда бирига 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Иккинчиси эса жарима жазосига тортилиб, 4,5 миллион сўмга яқин жаримани тўлашга мажбур бўлди.

Б. АБДУЛЛАЕВ, туман Маъмурий суди раиси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.