Кўплаб юртдошларимиз бирор мансабни масъулият деб биладилар. Унга жиддий ёндошиб, ўз бурч ҳамда вазифаларини сидқидилдан адо этадилар. Аммо шундай тоифадаги кимсалар ҳам борки, улар қайсидир лавозимга тайинлансалар, ундан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга уринадилар. Мақоламизнинг қуйидаги "қаҳрамонлари" ана шундайлардан ҳисобланади.

Т. С. масъул лавозимда фаолият кўрсатиш давомида нафсининг гапига кириб, хатоликка йўл қўйди. Аниқроқ айтганда, фаррошнинг бир фуқарони ишга жойлаштириш ва бунинг эвазига 250 АҚШ долларидаги пулини олиш таклифига розилик билдирди. Ўз хизмат хонасида маблағни қўлга киритган амалдор уни шахсий эҳтиёжи учун сарфлаб юборган, бироқ ноқонуний ваъдасининг устидан чиқмаган ҳам. Охир оқибатда жиноий хатти-ҳаракатлари фош бўлиб, қонун олдида жавоб беришига тўғри келди.

Ҳар икки айбдор қилмишларига яраша жазоландилар. Энди улар бундай қинғир ишга асло қўл урмасликларидан умидвормиз. Шунингдек, бу ҳолат бошқалар учун сабоқ бўлишини ҳам истаймиз.

Фуқаролар бир нарсани англаб етмоқлари лозим, эгри йўл билан топилган пул ҳеч қачон ҳеч кимга буюрмаган ва буюрмайди ҳам. Бу ақиданинг исботини ҳаётда кўп бор кўрганмиз. Айниқса, бировларни алдаб, уларнинг маблағларини қўлга киритиш илинжида бўладиганлар ҳар доим қилмишлари учун жавоб беришларига тўғри келган ва шундай бўлиб қолади. Зеро, халқимизда "Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам бирибир чиқади", деган гап бежизга айтилмаган.   

Ғ. ЭРГАШЕВ, Бош прокуратура ҳузуридаги

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

туман бўлими суриштирувчиси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.