Ярим тун, Қирғизистоннинг Сафедбулон қишлоғидаги хонадонлардан бирида икки ҳамтавоқ шерик чегарадан юк ўтказиш бўйича ўзларича жиноий йўлни танлашди.

Шер исмли киши (Қирғизистон фуқароси) шериги Янгиқўрғон туманида яшовчи Мирза Муродовни (исми-шарифи шартли) ниҳоят ўз жиноий режасини биргаликда амалга оширишга кўндирди. Шер 8 дона «Bianchengyon»телевизорининг ҳар биттасига чегарадан ўтказиш эвазига М. Муродовга 20 минг сўмдан беришга сўз берди. Шундоғам, белгиланган тартибни бузиб, чегарани кесиб ўтиб, қонунбузарликка йўл қўйган М. Муродов бу таклифга кўна қолди.

«Ови» бароридан келишига умид қилган Шер тонг саҳарда чегара яқинига келиб, шеригини божхона назоратини четлаб, айланма йўл орқали, Қирғизистон ҳудудидан юртимизга ўтишига кўмаклашгандай бўлди. Аммо сергак чегара наряди аскарлари ҳушёрлиги боис чегарабузарларнинг қабиҳ нияти амалга ошмади. Қонунбузарлар товар-моддий бойликларни чегара ҳудудида қолдириб, ортга қочишга улгуришди.

Бироқ эртаси куни худди шу жойдан М. Муродов такроран белгиланган тартибни бузиб, яна ўтаётганида қўлга тушди. Бу қилмишлари учун М. Муродов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2-қисми «б, в» бандларида кўрсатилган жиноятни содир этиб, суднинг «қора курсиси»дан жой олди ва суд ҳукмига кўра тегишли жазога тортилди.

М.Киргизов, жиноят ишлари бўйича

туман суди раиси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.