Ватанга муҳаббат аввало инсоннинг ўз оиласи, маҳалласи ҳамда туғилиб ўсган юртига бўлган меҳрдан бошланади. Азал-азалдан Ватанга бўлган муҳаббат юксак инсоний фазилатлардан бири эканлиги таъкидлаб келинади. Бу муҳаббат аввало барчамизнинг ота-онамиз, ака-укамиз, опа-сингилимиз, ёр-биродарларимиз билан чамбарчас боғлиқдир. Зеро, уларнинг барчаси Ватан деган тушунчада мужассамлашган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилар кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Ф-5529-сонли Фармойиши ижросини таъминлаш ҳамда ўқувчи-ёшлар орасида Ватан ҳимоячилари куни байрамининг аҳамиятини тарғиб қилиш, айниқса, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида турли тадбирлар уюштириб келинмоқда.

Яқинда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси ДХХ чегара қўшинлари ҳарбий қисми ҳамда чегара постлари ҳарбий хизматчилари ҳамкорлигида  тиббиёт коллежида ва 16-МТТда "Ватанпарварлик - миллий юксалиш кафолати" шиори остида тадбир ташкил этилди.

     - Бундай тадбирлар "Ватанпарварлик" ойлиги давомида эмас, балки доим ўтказиб борилиши керак, - дейди чегара пости ҳарбий хизматчиси Эргашали Даминов. - Токи, ватанпарварлик ҳисси юртимиздаги ҳар бир оила аъзосининг, ҳар бир инсоннинг қалбида жо бўлсин.

Ҳақиқатан, томирида миллий ғурур, Ватан ишқи жўш урган инсон доимо ўз юртининг тинчлиги йўлида жонбозлик кўрсатади. Бунда эса кўтаринкилик билан давом этаётган "Ватанпарварлик" ойлигининг аҳамияти беқиёсдир.

Д. ИсаҚов, Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.