Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига қатор ҳуқуқлар берилган. Бироқ билдирилаётган ишонч ҳеч қачон суиистеъмол қилинмаслиги керак. Афсуски, орамизда мансаб мавқеидан фойдаланиб, жиноятга қўл урадиганлар ҳам топилади.

"Баҳористон" маҳалла фуқаролар йиғини раиси сифатида фаолият кўрсатган А. С. котибаси Х. В. билан олдиндан тил бириктириб, бюджет маблағларини талон-тарож қилган. Яъни ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлашни сўраб мурожаат қилганларнинг ариза ва тегишли ҳужжатларини қабул қилган мутасаддилар Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган "Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида"ги Низом талабларига зид равишда йўл тутган.

Аниқроқ айтганда, фуқароларнинг нафақа пулларига муҳтожлик мезонларини аниқлаш бўйича ташкил этилган комиссия йиғилишлари ўтказилмаган ва муҳтож бўлмаган оилалардан 24 тасига 27 миллион 857 минг сўмликдан ортиқ ёрдам пуллари ҳамда нафақалар асоссиз тайинланган. Оқибатда бюджет маблағлари талон-тарож қилинган. А. С. судда айбига тўла иқрор бўлди ва қилмишига яраша жазосини олди. Ўйлаймизки, унинг хатосидан бошқалар ўринли хулоса чиқарадилар. Маҳалла раислари, унутманг, сизнинг асосий вазифаларингиздан бири, кам таъминланган, ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларни аниқлаш ва уларга кўмак бериш бўйича давлат томонидан белгиланган ишларни рўёбга чиқаришда фаол бўлиш ҳисобланади. Аксинча йўл тутадиган, яъни қонунларни менсимасдан, белгиланган тартибларга риоя этмасангиз, жазога тортиласиз. Бу доимо ёдингизда бўлсин.

Ш. ЖУМАБОЕВ, вилоят прокуратурасининг бўлим прокурори,

С. ЮЛДАШЕВ, туман прокуратураси терговчиси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.