Аҳолининг ижтимоий-иқтисодий талаб-эҳтиёжини ўрганиш ва муаммоларни жойларнинг ўзида ҳал этиш чораларини кўриш секторларнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Шу боис бу борада алоҳида эътибор билан иш олиб бормоқдамиз.

Айни пайтгача 8 мингга яқин хонадонларнинг оилавий шароити атрофлича ўрганилди ва улардан муаммолари мавжудлари алоҳида назоратга олинди. Яъни газ, электр энергияси, ичимлик суви таъминоти, уй-жой, бандлик, моддий ёрдамга муҳтожлик борасидаги муаммоларни аниқлаш ва уларни ўз вақтида бартараф этишга эътибор кучайтирилди. Масалан, ишчи гуруҳ уйма-уй юрганда, Шерозий МФЙда яшовчи А. Комилов, А. Халиловлар, Ровот МФЙда яшовчи М. Тожибоев, Боғ МФЙда истиқомат қилувчи К. Қорабоевлар ногиронлик аравачасига муҳтож эканликлари маълум бўлди, улар талаби қондирилди.

Шунингдек, Сойбўйи, Мовароуннаҳр, Наврўз МФЙларида яшовчи фуқароларнинг бир қисмига шифохоналарда даволанишлари учун шароит яратилди, бир қисмига қўлтиқтаёқ ва дори-дармонлар етказилди.  Сектор ҳудудидаги ижтимоий соҳа объектлари ўрганилганда, кўчаларни ёритиш чироқлари, аҳолини ичимлик суви билан таъминлашда камчиликлар борлиги маълум бўлди ва уларни зудлик билан бартараф этиш чоралари кўрилди. Шунингдек, кўчаларни асфальтлаш, шағал ётқизиш борасидаги муаммолар ҳам ечимини топмоқда. Яна бир эътиборли томони, аҳоли истиқоматгоҳларида туман прокурорининг сайёр қабуллари ташкилланмоқда ва бундай тадбирларда билдирилаётган мурожаатлар асосида мутасадди ташкилот ҳамда идоралар раҳбарларига керакли топшириқлар бериляпти.

Янги йилда ҳам шу тарзда фаол иш олиб бориш диққат марказимизда туради. Чунки халқни рози қилиш давлат идоралари олдига энг асосий вазифалардан бири сифатида қўйилаётган бир пайтда сектор фаолиятини тобора кучайтираверамиз.

Х. ЗОКИРЖОНОВ, туман прокурори ёрдамчиси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.