Конституциямиз асосида тараққиёт сари қўйилган мақсад ҳамда вазифалар нақадар ҳаққоний эканлигини даврнинг ўзи кўрсатиб турибди. Ўтган йиллар мобайнида Бош Қонунимиз тамойилларига кўра давлат ва жамият ҳаёти ислоҳ қилиниб, бугунги кун талабларига биноан изчил такомиллаштирилмоқда. Қўлга киритилаётган ютуқлар, хусусан, иқтисодиётнинг юксалиши, аҳоли турмуш даражасининг ортиб бориши эса жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

Шу йил 22 декабрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига бўлиб ўтадиган сайлов Ватанимиз янги тарихида ғоят муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа ҳисобланади. Зеро, мамлакатимиз келажаги, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг суръати ва давомийлиги, ички ва ташқи сиёсатимиз сайловчилар қабул қиладиган қарорга боғлиқ.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқаролар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга эканликлари, ҳар бир сайловчи бир овозга эгалиги, овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланиши белгилаб қўйилган.

Асосий қонунимизга мувофиқ сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 4-моддасига асосан фуқаролар жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эгадир.

Хуллас, йигирма етти йил аввал қабул қилинган Конституциямиз асосида мамлакатимизда жамият ҳаётининг барча жабҳаларида туб янгиланишлар юз бермоқда. Демократик жараёнлар тобора чуқурлаштирилмоқда. Қонун устуворлигини таъминлаш, барча соҳаларни босқичма-босқич ислоҳ этиш масалаларига энг муҳим вазифа сифатида қаралмоқда. Бундай саъй-ҳаракатлар изчил давом этаверади, албатта.  Инсон эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги белгилаб қўйилган Асосий Қонунимиз бундан буён ҳам кундалик турмушимизда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб қолаверади.

Д. Абдуллаев, Наманган шаҳар прокурори ўринбосари,

адлия кичик маслаҳатчиси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.