Пластик карточка бугунги кунда энг қулай тўлов воситаси ҳисобланади. Уни ҳамёнингизда бемалол олиб юрасиз. Нақд пул маблағларини ва банкдан ташқари пул айланмасини қисқартириш, пул муомаласини юқори савияда ташкил этиш, аҳоли ва хўжалик  юритувчи субъектларнинг бўш пул маблағларини банк депозитларига жалб этиш ва халқаро талабларга мос равишда банк хизматларини аҳоли, корхона ва ташкилотларга тақдим этишда пластик карточкаларнинг ўрни беқиёсдир.

Озод ва ҳур диёримизда пластик карточкалар асосида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада ривожлантириш бўйича бос-қичма-босқич  чора-тадбирларни амалга оширишга хизмат қилувчи ҳуқуқий асослар яратилди.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 24 сентябрдаги «Пластик карточкалар асосида ҳисоб-китоб қилиш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 445-сон Қарори, Президентимизнинг 2006 йил 3  августдаги «Пластик карточкалар асосида нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизимини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-433-сон, 2010 йил 19 апрелдаги «Банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоб тизимини ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-1325-сон, 2010 йил 26 ноябрдаги «2011-2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги ПҚ-1438-сонли қарорлари ҳаётга изчил тадбиқ этилаётганлиги туфайли юртимизда пластик карточкалар бозорида юқори даражадаги силжишлар кузатилмоқда. 2004 йил ҳолатига уларнинг сони 406 мингта бўлган бўлса, 2014 йилнинг 1 январь ҳолатига келиб 11068 мингтани ташкил қилди, яъни 27,3 маротаба ўсиш кузатилди.

Савдо ва ҳисоб-китоб шахобчаларининг терминаллар билан таъминланганлик даражаси 2004 йилда 2782 тани, 2014 йил 1 январь ҳолатига 129679 тани ташкил қилди ёки 46,6 маротаба ошганлиги эътиборга моликдир.

 

«ПЛАСТИК»КА ГЎШТ БОР (МИ?)

Сизу бизнинг кундалик эҳтиёжимиз учун зарур бўлган гўшт, гўшт маҳсулотларини ҳам пластик карточкалар орқали харид қилишимиз учун имконият яратишга биринчилардан бўлиб,  қассобхоналар эгалари эмас, балки хусусий дўкон ва шахобчалар эгалари бел боғлашди. Шу ўринда беихтиёр халқимизнинг "Излаган имкон топади", деган ҳикматли сўзи хаёлимиздан кечди.

Чиндовул ҚФЙ, "Ширинбулоқ" маҳалласидаги хусусий тадбиркор Комилхон Саидовга қарашли дўкон шаҳарлардаги "Супермаркет"лардан асло қолишмайди.

Дўконда кундалик рўзғор учун барча нарсалар, шу жумладан, мол, товуқ гўштлари мавжуд.

-Дўкондаги маҳсулотлар сифатидан, намунали хизматдан қишлоқ аҳли беҳад мамнун бўлмоқда,-дейди харидорлардан бири Абдуллажон Абдураҳмонов. - Ҳамма нарсани, шу жумладан, мол гўштини ҳам пластик карточкага харид қиламан. Нархларда ҳеч қандай тафовут йўқ.

Туман марказидаги Махдуми Аъзам номли МФЙда жойлашган "Аҳмадхон ҳожи Косоний" фермер хўжалигига қарашли дўкон ҳам намунали савдо шахобчаларидан биридир. Дўкон пештахтасида фермер хўжалигида ишлаб чиқарилган тухум, товуқ, индук гўшти қатори мол гўшти ҳам мавжуд. Нархлар арзон, терминал мунтазам ишлайди.

-Мақсадимиз аҳолига намунали ва сифатли хизмат кўрсатиш,-дейди дўкон мудири Одилжон Орипов.

Катта кўприк ёнида жойлашган "Барака" савдо мажмуаси биносида янги қассобхона очилганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Лекин қисқа вақт ичида қассобхона ўз харидорларини топди. Чунки қассобхонага терминал ўрнатилган бўлиб, гўштни пластик карточкага харид қилиш мумкин.

-Бу қулайликдан аҳоли беҳад мамнун бўлмоқда,-дейди гўшт дўкони мудири Икромжон Қирғизов,-баъзи харидорлар келиб "гўшт пластикка қанча-ю, нахт пулга қанча" деб сўрашади.

Бизда нархлар бир хил, ҳатто имкони борича гўштни арзонроқ сотишга харакат қиламиз. Шунда харидорларимиз сони янада кўпаяди.

Минг афсуски, кўчанинг нариги бетидаги қассобхонада тамоман бошқа манзаранинг гувоҳи бўлдик. Бир зумда қассобхона эгалари кўздан ғойиб бўлишди. Сўраб-суриштириб ҳам гўшт сотувчиларни тополмадик. Балки дўконнинг ҳувиллаб қолишига терминал ўрнатилмаганлиги сабабдир...

Туманимиздаги гўшт сотиш марказида кўплаб қассобхоналар мавжуд. Бироқ улардан атига иккитаси-С. Соҳибов ва С. Тожибоевга қарашли гўшт дўконларидагина терминал ўрнатилган холос. Бошқа қассоблар ҳам аҳолига савдо хизмати кўрсатишнинг бундай замонавий усулидан фойдаланишни бир ўйлаб кўрсалар, қолаверса, ҳамкасбларидан ўрнак олсалар нур устига аъло нур бўлар эди.

Озод ва обод юртимизда халқимизни фаровон, тўкин-сочин яшаши учун барча шароитлар яратилмоқда. Бас шундай экан, бу улуғвор вазифаларни бажаришга ҳар биримиз сидқидил ва ҳалол меҳнатимиз билан ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз даркор.

 А. Олимов, 

М. Акрамов.

 ***

ТЎЛОВ ТЕРМИНАЛИ МАЖБУРИЙ ЎРНАТИЛИШИ ЛОЗИМ БЎЛГАН ЧАКАНА САВДО ВА ХИЗМАТ КЎРСАТИШ ОБЪЕКТЛАРИ РЎЙХАТИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 19 апрелдаги ПҚ -1325-сон Қарорига асосан аҳоли билан пуллик ҳисоб-китобларни амалга оширувчи қуйидаги чакана савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида тўлов терминали мажбурий ўрнатилиши лозим:

-авиация ва темир йўллар патталарини сотиш кассалари;

-автовокзал ва автостанциялар кассалари;

-автомобилларга ёнилғи қуйиш шахобчалари;

-меҳмонхоналар;

-кредит ташкилотлари (микрокредит ташкилотлари, ломбардлар), суғурта ташкилотлари ва молия бозорининг бошқа субъектлари;

-турғун савдо шохобчалари, шу жумладан, дорихоналар (эгаллаб турган майдони ўлчамидан қатъи назар);

-умумий овқатланиш объектлари;

-уй-жой, коммунал, шунингдек телефон алоқа хизматлари, шу жумладан, уяли алоқа телефонлари хизматлари учун аҳолидан тўловларни қабул қилиш шохобчалари;

-автотранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш жойлари;

-алоқа бўлимлари;

-маиший хизмат кўрсатиш ҳамда маданий-оммавий ва томоша тадбирлари ўтказиладиган объ-ектлар;

-аҳоли билан пуллик ҳисоб-китобларни амалга оширувчи  бошқа хўжалик юритувчи субъект-лар.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.