Қор ёғар қор парчалар бир-бирини қувлашиб,

Аввали мезбон бўлиб, меҳмон  кутар қўл ушлашиб.

Турфа қорлар парчаси ҳеч бир-бирига ўхшамас,

Оқ либосин ёйди ерга дил-кўнгилни хушлашиб.

 

Янги йилнинг янги тонги оқ поёндоз айласин,

Эзгуликка, оқ тилакка, пок ниятга чорласин.

Дастурхонлар тўкин бўлсин, омон бўлсин дўсту-ёр,

Мусаффо юрт осмонида бахт қуёши порласин.

 

Қутлуғ бўлсин ҳар бир они, ҳар дақиқа, ҳар соат,

Яратганнинг ўзи берсин ҳар лаҳзада иноят.

Неъматларин аямасин, тинчлик бўлсин бардавом,

Асрасин Ҳақ, сийласин Ҳақ, Ҳақ айласин ҳимоят.

 

Навбаҳорда она юртнинг гулга чўмсин боғлари,

Меваларнинг залворидан ерни ўпсин шохлари.

Ҳосили карвонидан куррамиз бел боғласин,

Хирмонлари соясида қолсин Тьян-Шан тоғлари.

 

Руҳият бирламчи бўлса, зийнати яхши ният,

Ҳам адолат, ҳам мурувват бирла бўлсин офият.

Бир-бирин бағрига  боссин айтишиб эзгу тилак,

Кўҳна олам тожи-инсон,-ўлмасин ҳеч қадрият!

 

Байроғимиз турсин баланд бу жаҳон айвонида,

Фарзандлар ҳам олдда бўлсин ғолибларнинг сонида.

Мадҳиямга жўр бўлишсин куйласин рўйи жаҳон,

Ватан ишқи қалбда бўлсин жисму жон имонида.

 

Раҳнамолар амри вожиб, ерда Тангри сояси,

Йилнинг номи элга  ёқди, олқиш олди ғояси.

Халқ билан айлаш мулоқот-барчамизга манфаат,

Янги йил бўлсин жаҳонда яхшиликлар дояси!

 Анорбой ОЛИМОВ.

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.