Аввал хабар берганимиздек, 8 март - Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида Давлатимиз раҳбарининг "Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида"ги қарори эълон қилинди ва мазкур қарорга кўра,  Ватанимиз равнақи йўлида бор куч-ғайрати, замонавий билим ва малакаси, маънавий-интеллектуал салоҳиятини намоён этаётган қизлар қаторида тумандошимиз, Тошкент тиббиёт академиясининг даволаш факультети 6-босқич талабаси Муҳайёжон Аҳмаджонова ҳам Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди. Бу, албатта, ғоят қувонарли ҳол. Ахир бундай юксак тақдирлов ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. 

Туманимиздаги 29-умумий ўрта таълим мактаби ҳамда 2-академик лицейларда таҳсил олган бу иқтидорли ҳамюртимиз 2018 йилда Тошкент тиббиёт академиясига ўқишга қабул қилинди. Эътиборлиси, Муҳайё айримлар сингари шунчаки олий маълумотли шифокорлик дипломи учун академияга ўқишга кирмаганлиги, балки у соҳанинг етук мутахассиси бўлиш орзусида эканлигини амалда кўрсата билди.

Устозлари ёрдамида тиб илмини чуқур ўргана борди. Билим даражасини эса турли олимпиадалар, халқаро танловлар орқали синаб кўришга ва йилдан-йил янада чуқур билимга эга бўлиб боришга одатланди.  У нафақат Ўзбекистонда ўтказилаётган олимпиадаларда, конференцияларда фаол иштирок этиб, муваффақиятлар қозона олди, балки халқаро, ҳатто Европа ва Американинг нуфузли ташкилотлари сертификатини қўлга киритишга эришди. Очиғи, унинг турли халқаро тадбирлардаги муваффақиятлари акс этган узундан-узоқ рўйхатни ўқиб, шунчалар зеҳнли ва интилувчан қиз билан тумандош эканлигингдан фахрланиб ҳам кетасан. Мисол учун, 2021 йилда Москва Давлат университетида ўтказилган "Рақамлаштириш - тиббиётнинг келажаги" мавзусидаги  халқаро олимпиадада ҳамда 2022 йил Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган II халқаро "Ибн Сино издошлари" олимпиадасида ички касалликлар йўналишларида ғолибликка эришганлигидан кўнглимизда қувончни туйдик.

Шунингдек, М. Аҳмаджонова "Акушерлик ва гинекология", "Ички касалликлар", "Педиатрия", "Суд тиббиёти ва тиббиёт ҳуқуқи", "Паталогик анатомия" йўналишлари бўйича 15 марта халқаро олимпиада ғолиби ҳисобланади. МДҲ давлатлари ўртасида ўтказилган "Энг ёш олим-2021" кўрик танловида фахрли 1-ўринни эгаллаб, олтин медални қўлга киритган. "Best Publication" (Энг яхши нашр) илмий-тадқиқот маркази томонидан ташкилланган илмий мақолалар танловида "Аҳоли ўртасида учрайдиган буйрак касалликлари" мақоласи билан қатнашиб, 1-ўринни эгаллади ва "Ташаббускор ислоҳотчи" ҳамда "Илм-фан соҳасидаги ютуқлари учун" эсдалик нишонлари билан тақдирланди.

Яна бир фахрланадиган томони, Муҳайёжон Тошкент тиббиёт академияси бакалавриат талабалари учун таъсис этилган Зулфия номидаги махсус стипендия, Ўзбекистон Қаҳрамони, академик Малика Абдуллахўжаева номидаги ҳамда профессор Эркин Қосимов номидаги стипендиялар соҳибаси саналади.

Муҳайё Зулфияхонимнинг чинакам издошларидан биридир. Бундай дейишимизнинг боиси у тиббиёт йўналишида илм олиш билан бирга, бадиий ижод билан ҳам жиддий шуғулланади. Дилбар шеърлар ёзиб, уларни китоб ҳолида мухлислар эътиборига ҳавола этган. "Куйлагим келади юрт жамолини", "Кўзимга кел" ва "Зулфияхоним издошлари" шеърий тўпламлари муаллифи ҳисобланган ҳамюртимиз  академиянинг шеърият тўгараги раҳбари, хотин-қизлар билан ишлаш бўлими кўнгилли волонтёри ҳамдир.

Биламизки, тарбиянинг асоси оилада. Муҳайёнинг билимдон, ҳамманинг ҳавасини келтирадиган даражадаги қиз бўлиб улғайишида унинг ота-онаси - Акромжон ва Мўътабарларнинг ҳиссалари катта, албатта. Ўзлари тиббиётда хизмат қилиб, эл олқишини олишга эришган оила соҳиблари фарзандларининг орзусига ҳам бефарқ қарамадилар. 

- Қизимиздаги ҳаракатчанлик, ҳар нарсага қизиқишни эътиборга олиб, унинг ўқишига, спорт билан шуғулланишига аҳамият бердик, - дейди Акромжон. - Ўқувчилигида стол тенниси  тўгарагига қатнаб, турли мусобақаларда ғолибликка эришишини қўллаб-қувватладик. Қолаверса, ўзи ният қилганидек, фанларни чуқур ўрганиши ва олий ўқув юртига кириб, шифокор бўлиб етишиши учун барча шароитларни яратдик. Шукур, қилган ҳаракатларимиз зое кетмаяпти. Бугун ҳаммамиз хурсандмиз.

Баъзан айрим хотин-қизлар томонидан ҳуқуқбузарлик ёки жиноятлар содир этилаётганлигини эшитиб, афсуслансан, бироқ мана шундай дамларда шарқона одоб-ахлоқ қоидаларига содиқ қолган ҳолда хаё ва ибоси билан тенгдошларига ўрнак бўлиш билан бирга, билим ва салоҳияти орқали юксак натижаларни қайд этаётган Муҳайёжон сингари опа-сингилларимиз борлигидан ғурурланасан. Ўзбекистоннинг янада тараққий топишида мана шундай ёшларнинг алоҳида ўрни борлиги ва улар сафи кундан-кун кенга-йиб бораётганидан қалбларимиз қувончга тўлади.

- Аввало, Зулфия номидаги Давлат мукофоти менга чексиз ифтихор бағишлайди. Қолаверса, буни улкан масъулият ҳам деб биламан, - дейди мақоламиз қаҳрамони. - Яъни мукофот мени янада юксак марралар сари қатъият билан олға интилишимда, Зулфияхонимдек оқила, ўз юртига, халқига, ижодига содиқ бўлган буюк ижодкорга муносиб издош бўлишда алоҳида аҳамият касб этади.

Анорбой ОЛИМОВ,

Мирмуҳсин МИРЗОКИРОВ.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.