Туманимиз газетаси 1932 йилдан чоп этила бошлаган. Ўтган даврларда турли номлар билан аталган "Косонсойнома" тарихи кўпчилик учун қизиқарли. Шуни эътиборга олиб, газетада фаолият кўрсатган юртдошларимиздан бири - 1987-1996 йилларда "Косонсойнома" газетасига муҳаррирлик қилган ва айни пайтда кексалик нафақасида бўлган Ёқубжон ДАДАЖОНОВ билан суҳбат уюштирдик. Қуйида ана шу мулоқотни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

- Ёқубжон ака, ижодкорлик одамнинг болалигидаёқ намоён бўлади. Санъатни танлайдиганлар азалдан кичкиналигидан рубоб тутиб, ашула айтган, рассомликка ишқибозлар қалам билан ҳар жойни "безаш"га тушганлар. Сиз ҳам журналистикага нисбатан ўзингиздаги қизиқишни ўқувчилигингиздан ҳис этган бўлсангиз керак, шундай эмасми?

- Тўғри топдингиз. Адашмасам, 6,7-синфлардаёқ турли газеталарга мактаб ҳаёти ҳақида кичик-кичик мақолалар ёзиб юрганман. Улғайиб, Самарқанд давлат университетининг филология факультетига ўқишга киришимга ҳам ижодга мойиллигим кучлилиги сабаб бўлган, деб ўйлайман. Қолаверса, талабалик даврларимда босма оммавий ахборот воситалари билан алоқаларни янада кучайтирдим. Таҳририятларга мақолаларни олиб бориш жараёнида эса журналис-тика жанрларини амалий тарзда ўргана бошладим. 1976 йилда олий таълим муассасасида таҳсил олишни якунлагач, туманимиз газетасида профессионал даражадаги ижодий фаолиятга киришдим.

- Ўшанда муҳаррир ким эди, кимлар сизга устозлик қилганди? Ўша пайтда бошқа ном билан аталган "Косонсойнома"да ижодий жараён қандай кечарди?

- Мен ишга қабул қилинганимда, 1974 йилдан бошлаб муҳаррир бўлган марҳум устозимиз Саидаҳмадхон Насимхонов жамоани бошқарарди. 12 кишидан иборат ижодий ходимлар бўлганмиз. Адабий ходим сифатида қишлоқ хўжалиги бўлимида фаолиятимни бошлаганимда, бўлим мудири Камолхон Бобохонов   менга чинакам устозлик қилганлар. Улардан ўзимни умрбод қарздор деб биламан.

Ўша пайтларда "летучка" (газетанинг янги сони босмахонадан чиққанидан  кейин ижодий жамоа иштирокида ўтказиладиган йиғилиш) ўтказиларди. Унда ҳар бир мақоланинг яхши ёки ёмон томонлари муҳокама қилинар, обуначиларни кўпайтириш учун нималарга эътибор қаратиш кераклиги ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилар ва мен шундай қизғин жараёнда касб сирларини ўзлаштириб борардим.

Муҳаррир ўринбосарлари Ваққосхон Мамадалиев, Пўлатжон Қаҳҳоров, маданият бўлими мудири Каримжон Охуновларни устоз сифатида ҳурмат қилган бўлсам, биздан кейин жамоа сафидан ўрин олган Абдуғаффор Орипов, Муҳаммадали Эргашев, Иброҳим Усмонов, Зокиржон Абдуллажонов каби касбдошлар билан ҳам ўзаро ҳамжиҳатликда фаолият кўрсатганмиз.

Шунингдек, вилоятимизнинг етакчи нашри бўлган "Наманган ҳақиқати" газетасида ижод қилган  Йўлдош Эгамбердиев, Мирзаҳаким Ғиёсов, Мўминжон Сулаймонов (барчаларининг охиратлари обод бўлсин), Рустам Умматов сингари забардаст журналистларга ҳавас қилганман ва улар сингари турли мавзуларда таъсирчан мақолалар ёзишга интилганман.

- Ўтган асрнинг 70, 80-йилларидаги газета ходимлари учун яратилган техник имкониятлар билан бугунги технологик ўзгаришларни солиштирса бўладими?

- Албатта, бўлади, фақат ўзгаришлар шу қадар кескинки, бу ўринда "ер билан осмонча фарқ қилади" иборасини қўллаш, менимча, камлик қилади. Масалан, мен янги ишни бошлаганимда, аввал мақолани қўлда қоғоз варағига ёзганмиз, таҳрирлаб, роса "пишитгач", ёзув машинасида қоғозга туширганмиз. Кейин мақолалар жамланиб, босмахонага олиб бориб берилган.

Босмахонада эса махсус дастгоҳларда ҳарфлар қўрғошинда қуйилган ва мутахассис уларни газета "макети"га бирма-бир қўйиб чиққан. Газета чоп этиладиган куни эса биз 3-4 киши босмахонага бориб, навбатчиликда турганмиз. Яъни бир неча жараёнда газета хатолардан холи қилинган ва чоп этишга рухсат берилган. Бугун эса ҳаммаёқ компьютерлашган замонда ижодкорнинг ҳам, босмахона ходимининг ҳам иши анча енгиллашган. Масалан, газета компьютерда саҳифаланиши-ю, босмахонага интернет орқали узатилишининг ўзи жараёнда туб бурилиш юз берганлигини англатади.

- Дастлаб адабий ходим тариқасида ижодни бошлаган Ёқубжон Дадажонов орадан озгина фурсат ўтгач, масъул котиб лавозимига қўйилди. Кейин пойтахтда раҳбар кадрлар тайёрлайдиган 2 йиллик ўқишга жўнатилди ва ўқишни якунлагач, муҳаррир этиб тайинланди. Яъни сиз 1987 йилдан туманнинг асосий мафкуравий қуроли ҳисобланган ОАВга раҳбарликни зиммангизга олдингиз. Муҳаррир бўлгач, нималарга кўпроқ эътибор қаратдингиз?

- Ўша пайтда газета ҳафтасига 3 марта чоп этиларди. Мухбирлар олдига мақолаларнинг эътибортортарлиги ва долзарблигини ошириш, ҳар бир ахборотни оммага қизиқарли тарзда етказишни вазифа қилиб қўйдим. Яъни сифат биринчи даражага қўйилди. Қолаверса, танқидий-таҳлилий мавзулардаги мақолалар кўлами кенгайтирилди.

Ўша пайтда жамоамизда сидқидилдан меҳнат қилган Муҳиддин Имомадиев, Ҳамида Эргашева, Муҳаррам Бубалова, Муҳаммадхон Акрамов, Абдувоҳид Нуриддинов, Муҳамадшариф Маматқулов, Толибжон Норбоев, Собиржон Тожибоев, Муҳаммадихон Акрамовлардан бир умр миннатдорман.

   Яна бир аҳамиятли томони, жамоатчи мухбирлар сонини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Сабаби, ҳар хил ҳудудларда истиқомат қилувчи жамоатчилардан турли мавзуларда қизиқарли хабарларни олиш мумкинлиги назарда тутилди. Натижада Абдурасул Давронов, Юсуфжон Шарипов, Собитхон Котибов (барчаларини Аллоҳ раҳматига олган бўлсин), Марҳабо Шерова каби турли касбдаги ҳамкорларимиз сони ортди.   

- Бугун, ҳар соҳада ислоҳотлар рўй бераётган, Президент қўллаб-қувватлови билан сўз эркинлигини таъминлашга аҳамият кучаяётган бир пайтда ҳам айрим мутасаддиларга танқид ёқмаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Шўролар тузуми даврида эркин ижод қилиш оммавий ахборот воситалари ходимлари учун роса қийин кечган бўлса керак?

- Албатта, қийин эди. Айниқса, "райком", "райисполком"даги айрим "раҳбарча"ларнинг ижодий жараёнга тушуниб-тушунмасдан ўринсиз аралашувларидан кўп зада бўлганмиз. Телефон қўнғироқлари жонга тегарди. Бу эса руҳиятга, саломатликка, муҳими, ижодий жараёнга ниҳоятда салбий таъсир кўрсатарди. Айниқса, ижодкор инсон ҳар бир сўзни юракдан ўтказгани учун катта-кичик адолатсизликларни ҳазм қилиш жудаям қийин бўлган.

- Ҳар қандай мамлакат тараққиёти демократик ислоҳотларга кенг йўл очиш орқали таъминлаганини  ҳис этган ҳолда бугун юртимизда туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Нафақадаги журналист сифатида ўзгаришларга муносабатингиз?

- Очиғи, буларнинг барига ҳам ҳавас, ҳам ҳайрат билан боқаман. Сабаби, шахсан Президентнинг ўзи журналист ҳамда блогерларни ҳар қандай вазиятда қўллаб-қувватлашини такрор ва такрор айтиши, бу ижодкор учун ниҳоятда катта рағбат, деб биламан. Мана шундай эътиборга муносиб тарзда жавоб қайтариш, менимча, жуда-жуда муҳим. Ахир коррупция, таниш-билишчилик, яширин иқтисодиёт сингари иллатларга барҳам бериш ўз-ўзидан бўлмайди. Қийинчилик ва изчил курашлар орқалигина йиллар мобайнида илдиз отган бундай иллатларни янгиланаётган Ўзбекистонда йўқотиш мумкин. Бу йўлда эса оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутади.

- Интернет, ижтимоий тармоқларга муносабатингиз ҳам кўпчилик учун қизиқарли бўлиши мумкин...

- У қадар фаол бўлмасам-да, интернетдан фойдаланман, ижтимоий тармоқларниям кузатиб бораман. Истардимки, блогерлар ҳам журналистлар сингари қандайдир масъулиятни ҳис қилишса. Чунки уларнинг аксарияти бирор ахборот рост ёки ёлғонлигининг охирига етмасдан туриб, тарқатиб юбришяпти. Оқибатда сохта хабардан кимнингдир шаъни булғанади, одамларда нотўғри тасааввур уйғонади.

- "Косонсойнома"нинг бугунги ижодкорларига тилакларингиз?

- Туманимизнинг бош нашри ҳисобланган газетамиз ҳамиша ўз мухлисига эга бўлиб келган. Интернет оммавийлашган, ахборот тарқалиш тезлиги кучайган бир пайтда қийинчилик билан бўлса-да, обуначиларга ишончли ва сифатли ахборот етказишдек машаққатли йўлда тинимсиз ҳаракат қилаётган ҳамкасбларимга омад ва муваффақиятлар ҳамиша ҳамроҳ бўлишини тилайман. Доимо соғ-омон бўлинглар.

Анорбой ОЛИМОВ суҳбатлашди.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.