Ўтган йилнинг декабрь ойида муҳтарам Юртбошимиз 2015 йилни «Кексаларни эъзозлаш йили» деб эълон қилар эканлар: «Бугун ҳаётимизга файз бағишлаб келаётган уруш қатнашчилари, фронт орти иштирокчилари, фахрийларимизни доимо эъзозлайлик» дедилар. Бу самимий айтилган сўз қалбимни тоғдек  кўтарди. Мана шундай, доруломон кунларни кўриш насиб этганлигига шукроналар келтирдим.

Истиқлол туфайли жонажон юртимизда авлодларга ибрат ва намуна бўладиган буюк ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, кексаларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик кўп асрлик қадрият ва анъаналаримиз бардавомлигидан далолатдир.

Биз, кекса авлод вакиллари бугунги ёш авлодга панд - насиҳатимизни аямаслигимиз керак. Чунки қарияларимизнинг ҳаёт йўли, тажрибаси барчага ибрат ва шубҳасиз ёшлар камолотига хизмат қилади.

Усмонхон Тошхўжаев, Чиндовул ҚФЙ, «Чиндовул» маҳалласида яшовчи иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси.

 ***

САЛОМАТЛИК ҲАФТАЛИГИ

Мамлакатимиз Президентининг "Кексаларни эъзозлаш йили" Давлат дастури тўғрисида"ги Қарорида фахрийлар ва ёши улуғ инсонларга тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш, уларни тизимли асосда соғломлаштиришни ташкил этиш, профилактика тадбирларини кучайтиришга эътиборни яхшилаш зарурлиги алоҳида белгиланган.

"Баҳористон" қишлоқ врачлик пункти ходимлари ҳам бу долзарб вазифаларнинг ижросини таъминлаш йўлида муайян ишларни амалга оширишмоқда. Амалиётчи шифокорлар ва тиббиёт ҳамширалари ёши улуғ инсонлар, меҳнат фахрийлари, ногиронлар хонадонларида вақти-вақти билан бўлиб, соғломлаштириш тадбирларини ўтказишга бош-қош бўлишмоқда. Яқинда эса қишлоқда "Саломатлик ҳафталиги"  тадбири ўтказилди. Унда пойтахтимиз Тошкент, Наманган шаҳри, туманимизнинг малакали шифокорлари қатнашиб, қишлоқ аҳлини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишди. Айниқса, Тошкент шаҳар ТТБ бош акушер-гинекологи З. Абдуллаева, педиатр С. Турғунов, терапевт Д. Эргашевлар аҳолини кўрикдан ўтказиш билан бир қаторда аёллар, ўқувчи-ёшлар билан мулоқотда бўлиб, соғлом турмуш тарзи, каби масалаларда мулоқотлар ўтказишди. Кўпчилик қизиқтирган саволларига жавоб олди.

 Қамархон ИЗатиллаева,

ҚВП катта ҳамшираси.

***

МАҲАЛЛАДОШЛАР КЕНГАШИДА

Шу йил 5 апрель куни туманимиз маҳаллаларида навбатдаги «Маҳалладошлар кенгаши» ўтказилди.

Туман марказидаги «Садача» МФЙда 395 та хўжалик мавжуд бўлиб, уларда қарийб икки минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла ҳудудида 9 та турли йўналишдаги корхоналар, 3 та савдо ва хизмат кўрсатувчи шахобчалар мавжуд. Маҳаллани ободонлаштириш, аҳоли турмуш тарзини янада яхшилаш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда. Тарбиявий ва маънавий-маърифий ишларни янада яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар самараси ўлароқ, маҳаллада жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар барҳам топганлиги эътиборга моликдир.

«Маҳалладошлар кенгаши»да ижобий ишлар билан бир қаторда мавжуд камчиликлар, келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар атрофлича таҳлил қилинди. Йиғилишни кенгаш раиси, меҳнат фахрийси Т.Муйдинова очди ва олиб борди.

 Кенгаш муҳокамасига қў-йилган масалалар юзасидан вилоят ҳокимлиги вакили Ҳ. Ҳакимов, «Косонсойнома» газетаси муҳаррири А.Олимов, МФЙ раиси О. Қутбиддинова, меҳнат фахрийси Р.Мамадалиев ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.

Кенгашда энг яхши коммунал тўловчилар рағбатлантирилди, қарздорларнинг номлари ўқиб эшиттирилди.

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.