Австралияда сайёрадаги энг кекса Суматра орангутани вафот этди. Бу ҳақда BBC хабар берди. Нашр маълумотларига кўра, ҳайвон 62 ёшда бўлган.

Пуан лақабли урғочи маймун ёш билан боғлиқ касаллик сабабли эвтаназия қилинган, яъни махсус воситалар ёрдамида ўлдирилган. Перт ҳайвонот боғи ходимлари маймунга 1968 йилдан буён ғамхўрлик қилган. У ўзидан кейин 54 та авлод қолдирган.

Пуан 2016 йилда расман сайёрадаги энг кекса орангутан деб тан олинган. Бу ҳақдаги ёзув Гиннеснинг рекордлар китобида қайд этилган.

Мутахассислар фикрига кўра, Пуан 1956 йилда Индонезиядаги Суматра жунглисида туғилган. Унинг авлодлари АҚШ, Европа ва сайёранинг бошқа жойларида яшайди. Уларнинг баъзилари ёввойи табиатга қўйиб юборилган.

Бутунжаҳон ёввойи табиат жамғармаси маълумотларига кўра, Ерда 14,6 мингта Суматра орангутани қолган. Ёввойи табиатда камдан-кам ҳолларда улар 50 ёшгача яшайди.

Манба: daryo.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.