Жорий йилнинг 2 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг"Наманган вилоятининг Косонсой туманида "Муғтепа" археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш мажмуасини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори эълон қилинди.

Жаннатмакон юртимизнинг ҳар бир гўшасида кўплаб маданий обида ва ёдгорликлар мавжудки, улар кўҳна тарихимиздан дарак беради. Бундай меъморчилик обидалари, ёдгорликларини халқимизнинг ўлмас солномаси десак арзийди. Кўҳна Косон ҳақида гап  кетганда унинг бетакрор табиати, зилол суви, хушҳавоси кўз олдимизга келади. Шу билан бирга маданий мерос объектлари кўплиги билан ҳам мамлакатимиздаги энг қадимги манзилгоҳлардан бири сифатида эътироф этилади. Шулардан бири халқимизнинг узоқ ўтмишидан сўзловчи "Муғтепа" ёдгорлигидир. Олиб борилган археологик тадқиқотларга кўра, милоддан аввалги II-I  асрларда Косонсойнинг чап соҳилида - ҳозирги "Муғтепа" ёдгорлиги ўрнида қадимий Косон шаҳри қад ростлаган. У табиий тепалик устида, стратегик жиҳатдан қулай жойда барпо этилган бўлиб, узоқ йиллар қадимги Фарғона подшолигининг ёзги қароргоҳи вазифасини ўтаганлиги ҳақида тахминлар мавжуд.

XIX аср охири, XX аср бошларида яшаган тараққийпарвар ва маърифатпарвар олим Исҳоқхон Жунайдуллахўжа ўғли Ибрат ўзининг "Фарғона тарихи" китобида қадимий Косон шаҳри, "Муғтепа"ни таърифлаб, шундай ёзган эди : "Косон Муғний қўрғони ва ўрдаси деб машҳурдир, қалин девор ва катта хиштлари билан бино қилинган, икки минг йиллар ўтиб холо ҳам муояндур. Айни таърихлар кўрган кишилар бўлса, Ихшид деб зикр қилдирган Суғд подшолари ҳам бу ерда ҳукмронлик қилган. Афросиёбдан сўнг Ихшидлар замонида араблар келиб, Косонда муҳороба бўлган эди. Буларни Фарғона халқиға таърих этиб, ёдгор қилмак келди. Замонамизда мунга аҳамият берилуб ва ҳам сиёсий тарафига бу китоб муносиби замон ва  асбоби овон бўлиб, зарурлиги маълумим бўлди. Бинобарин бир неча вақт умрни таърихларга масруф этдим ва бунга етдум"(Исҳоқхон Жунайдуллахўжа Ибрат. Фарғона тарихи. Мерос.-Тошкент, "Камалак", 1991.-Б-277.)

Собиқ тузум даврида бошқа қадимий обидалар қатори бу маскан эътибордан четда қолди. Ўтган асрнинг ўрталарида бу ерда археологик қазишма ишларини олиб борган рус олимлари топилган ашёларнинг бир қисмини ўзлари билан юртларига олиб кетишгани, бу масканга тегишли айрим экспонатлар ҳозирда Санк-Петербуркдаги Эрмитаж музейида сақланаётганлиги ҳақида кўплаб маълумотлар мавжуд.

Ҳозирда Исҳоқхон Ибрат таърифлаган катта ғиштлар билан тикланган қалин девордан иккита улкан бўлаклар сақланиб қолган. Булар ҳам қор, ёмғир остида нураб бормоқда. Бир пайтлари археологлар очган қаъланинг ички қисмлари йиллар ўтиб, яна тупроқ билан тўлди.

Вазирлар Маҳкамасининг "Наманган вилоятининг Косонсой туманида "Муғтепа" археологик мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш мажмуасини ташкил этиш тўғрисида"ги қарорида халқимизнинг қадимий тарихи ва бой маданиятини тиклаш, тумандаги "Муғтепа" археология мероси объектини чуқур илмий ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, ишончли муҳофаза қилиш, консервациялаш ва асраб-авайлаш, бу ерга ташриф буюрувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш каби мақсадлар кўзланган.

Қарорга кўра, Республика маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Фанлар академияси ва вилоят ҳокимлигининг вилоят тарихи ва маданияти давлат музейининг филиали сифатида "Муғтепа" археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш мажмуаси сифатида, унинг таркибида кўргазма-экспозиция ва ахборот-ресурс марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Қарорда мажмуанинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари белгилаб берилган. Хусусан, "Муғтепа" археологик мероси объектини тегишли даражада муҳофаза қилиш, консервациялаш ва асраб-авайлаш, очиқ варақ ва рухсатнома олган археологлар томонидан объектда археологик қидирув ишлари, археология қазишмалари ва археология назоратини ташкил этиш, чуқур илмий-археологик тадқиқот натижалари асосида мажмуанинг илмий-тарихий концепцияси ишлаб чиқилади ҳамда амалга оширилади.

Республикамиз ва хорижда объектга оид сақланаётган манбаларни малакали мутахассис ва экспертлар, олимларни жалб этган ҳолда тадқиқ этиш, улар ҳақида батафсил маълумотлар базасини яратиш ва мунтазам янгилаб бориш, халқаро илмий анжуманлар ташкил этиш, матбаа маҳсулотларини тайёрлаш, оммавий ахборот воситалари, бутунжаҳон Интернет тармоғи орқали кенг тарғиб этиш, тарихий илмий асослар бўйича объект макетларини тайёрлаш, археология ашёлари, қадимий  қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, асори-атиқалар, замонавий илмий-тадқиқот ишлари, китоб ва тўпламлар, видео ва фото ҳужжатлар ҳамда бошқа манбалар ҳисобидан кўргазма-экспозиция ташкил этиш, юқори технологияларга асосланган ахборот-ресурс маркази фаолиятини йўлга кўйиш вазифалари белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда объектни чуқур илмий ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, мажмуанинг самарали фаолият юритиши бўйича тизимли ишларни ташкил этиш, мажмуани қуриш ва жиҳозлаш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилишини таъминлаш вазифалари юклатилди.

Зеро, ўтмишсиз келажак бўлмаганидек, маънавияти ва маданияти юксак халқ, юртнинг келажаги буюкдир. Ушбу муҳим ҳужжат, шубҳасиз, халқимизнинг қадимий тарихи ва бой маданиятини тиклашда мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.

Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, туманимизда мавжуд бўлган биргина "Муғтепа" тарихий ёдгорлиги инсоният тараққиётига бешик бўлиб хизмат қилганлигидан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

А. Олимов, "Косонсойнома" газетаси муҳаррири,

М. Акрамов, Ҳ. КАраев, туман тарих музейи ходимлари.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.