Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг вилоятимизга ташрифи чоғида "Барча саъй-ҳаракатларимиздан асосий мақсад халқимизни рози қилиш, эртанги кунга ишонтиришдир" деганлари, бу юртнинг энг улуғ мезонлари Абу Бакр Алоуддин Косоний, Махдуми Аъзам, Исҳоқхон Тўра Ибрат сингари улуғ бобокалонларимизга кўрсатган ҳурмат-эҳтиромлари, халқимизга билдирган ишонч, эътироф, ғамхўрликларидан ҳар биримиз руҳланиб яшамоқдамиз. - Илоҳим, Президентимизни Яратганнинг ўзи асрасин, -дейди бир аср билан юзлашган Дилором ая Умарова.

Боболар ва олимларнинг эндигина оламни англаб бораётган набирага етти пуштининг исмини ёд олдириши, оталарининг касб-ҳунарини ўргатиши бежиз эмас. Шу маънода ўйлаб қаралса, бугунги ёшларнинг шу тупроқда туғилиб вояга етган, жаҳон илм-фан ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ аждодларимизнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиши ҳам қарз, ҳам фарздир. Тўлиқ исми Алоуддин Абу Бакр ибн Аҳмад ал-Косоний бўлган улуғ ватандошимиз ўз даврида "Малик ал-уламо", яъни "уламоларнинг шоҳи" дея таърифланган. Ватандошимиз, буюк фақиҳ, шореҳ, муҳаддис ва усулий олим имом Алоуддин Абу Бакр ал-Косоний дунёга машҳур шахсият ҳисобланади. У кишининг илму иқтидори, у зотнинг ким бўлганликлари бутун оламга маълумдир.

Афсуски, бу зотнинг туғилган санаси ва ёшлик йиллари ҳақида ҳозирча тўлиқ  маълумот йўқ. Тадқиқотчи олимлар у кишининг вафотлари 1191- йилга тўғри келишини аниқлашган. Косон - Мовароуннаҳрдаги Шош вилоятининг орқасида, ҳавоси тоза, тупроғи унумдор бўлган Фарғона водийси минтақаси - Сайхун (Сирдарё)нинг шимолий қисмида жойлашган шаҳарлардан бири. Бу шаҳар ҳозирги вақтдаги Наманган вилоятининг Косонсой диёри ҳисобланади. Мана шу шаҳарда туғилганлиги сабабли унга Косоний,  деб нисбат берилган.

Алоуддин Косоний ўз шаҳридаги олимлар ва шайхлардан таълим олгач, илм талабида Бухоро шаҳрига келиб, ўша даврнинг энг буюк фақиҳ олими имом  Алоуддин Муҳаммад ибн Абу Аҳмад ас-Самарқандийнинг ҳузурида таълим олади. У  зот ўта заковатли, зукко, доно ва зеҳни ўткирлигидан  илмни жуда ҳам тез ўрганади ва  устозининг "Туҳфатул фуқаҳо"  номли асарига шарҳ сифатида китоб ёзиб, уни устозига туҳфа қилади. Ушбу китоб кейинроқ ислом оламида энг ишончли фиқҳ асари бўлиш билан бирга, тарихда ислом фиқҳининг тартиблашдаги энг биринчи асар сифатида машҳур бўлди. Юксак маҳорат билан ёзилган асардан Алоуддин Самарқандий жуда ҳам қаттиқ мамнун бўлиб, етук  олима ва фақиҳа  бўлиб ўша даврдаги қизларнинг орасида танилган қизи Фотимани шогирди Алоуддин ал-Ко-сонийга никоҳлаб беради.                     Шу сабабли ҳам "устозининг китобини шарҳлаб, қизига уйланди" , деган гаплар ўз даврида тилдан тилга ўтиб юрган. Оила қурилганидан сўнг фиқҳ, ҳадис ва ҳуснихат илмида беназир бўлган Фотима ва Алоуддин Косоний ҳамда уларнинг устози Алоуддин ас- Самарқандий ҳаммаслак бўлиб фаолият юритишган. Шундан сўнг, фатволар Алоуддин Самарқандий, Алоуддин Косоний ва Самарқандийнинг қизи Фотима учовларининг имзоси билан ўтадиган бўлди.

Алоуддин Косоний ўз китобини "Бадоеу-с-саноеъфи тартиби-ш-шароеъ", яъни "Шариат қонунларини тартиблашда гўзал санъатлар" деб номлар экан, уни қўлга киритган киши ибодат ва муомалот масалалари ажойиб бир санъат даражасида тартиб-интизом билан териб айтилгани батафсил ва мазмунли асарга эга бўлишини назарда тутган бўлса, ажаб эмас.

Алоуддин Косоний тахминан 1146-1148 йилларда Ҳалаб ҳукмдори Нуриддин аз-Зангийнинг ҳузурига элчи қилиб юборилади ва у умрининг охирига қадар ўша ерда яшайди. Косоний Ҳалабда яшаган даврида ҳокимиятни Зангийлар ва Айюбийлар бошқарган бўлиб, мамлакатда илмий муҳит барқарор эди. Косоний бу ерда қисқа вақт ичида катта шуҳрат қозонади ва маҳаллий фақиҳларнинг талаблари билан Нуриддин Зангий томонидан қурдирилган Ҳалабийя мадрасасига бош мударрис қилиб тайинланади. Бу улуғ зотдан аввал мадрасада ар-Розий ас-Сараҳсий бош мударрис бўлиб, тили бироз чучук бўлгани сабабли талаффуз хатоларидан толибларнинг кўнгиллари тўлмас эди. Косонийнинг мадрасада ҳурмати ниҳоятда улуғ эканини, манбаларда таърифланганидек, мударриснинг йўқлигида ҳам унга атаб жойнамоз солиб қўйишгани ва у киши келганларидан то туриб кетгунларигача атрофида ўтиришганидан англаш мумкин.

Косоний юксак савияли олим, шу билан бирга, ўткир зеҳнли нотиқ бўлган. У илмий баҳсларда турли ақидавий оқимларга қарши кураш олиб борган. Мана шундай мунозараларда аллома бошқа оқимдаги ҳамсуҳбатларининг  номақбул қарашларининг асл мазмун - моҳиятини рад этиб бўлмас далиллар асосида рўй-рост очиб ташлаши ва ҳар бир фикрга ҳақиқий ислом таълимоти асосида холис, ҳаққоний жавоб бера олгани билан атрофидагиларнинг эътиборига мушарраф бўлган.

Шу ўринда Алоуддин Косонийнинг турмуш ўртоғи ҳазрати Фотима ҳақида ҳам батафсилроқ маълумот бериш жоиз бўлади. Чунки бу аёл Шарқда номи чиққан саноқли олима аёллардан. У фиқҳ, ҳадис ва ҳуснихатда беназир бўлган. Ушбу зиёлилар оиласи Ҳалаб шаҳрида умргузаронлик қилаёттганида, уларга ҳукмдор Нуриддин Зангий томонидан катта эътибор ва илтифот кўрсатилинган. Бу эр-хотин фақиҳларнинг ақл-заковати  ва илмига беҳад ҳурмат билан қараган ҳукмдор айрим муҳим ишларда улар билан маслаҳатлашар ва турли фиқҳий масалаларда уларнинг фикри билан қизиқар эди. Ҳанафий фиқҳ намояндаларидан бирига айланган олима ҳазрати Фотима баъзан эрининг соҳадаги хатоларини тўғрилаб, камчиликларини кўрсатиб бергани, Косоний ҳам унинг фикрларини қабул қилгани манбаларда қайд этилган. Тарихий маьлумотларга кўра, бу оила аъзолари Мовароуннаҳрга қайтишга жазм қилганида, Косонийнинг ҳар қандай вазиятда ҳам аёлининг раъйини қайтармаслигини яхши тушунган Ҳалаб ҳукмдори Фотима бинти Муҳаммад ас-Самарқандий номига  шу шаҳарда қолиб истиқомат қилишларини илтимос қилиб, нома юборади.  Мактубни  эса олиб келган эркак киши бўлгани сабабли, Фотима уни қабул қилмайди. Олиманинг тақвосидан ҳайратланган ҳукмдор иккинчи марта аёл элчи юборади. Ҳазрати Фотима ҳукмдорнинг илтимосини қабул қилади ва бу икки буюк аллома умрларининг охирига қадар шу шаҳарда қолишади. Бу фиқҳшунос олима ўзининг тилла буюмларини сотиб, илм аҳлларига бир ой давомида ифтор бериб, хайрли анъана бошлаб берган илк аёлдир . Ҳозирга қадар бу анъана ҳалабликларда сақланиб қолган. Шу шаҳарда вафот этган ҳазрати Фотима  бугунги кунда "Эр-хотин қабри" номи билан машҳур бўлган қабристонга дафн этилган.

Манбаларда зикр қилинишича, Косоний турмуш ўртоғини жуда яхши кўрган ва ҳурмат қилган. Фотиманинг вафотидан сўнг у то сўнгги кунига қадар ҳафтанинг ҳар жума куни унинг қабрини зиёрат қилган. Улуғ фиқҳшунос олим 587 ҳижрий ражаб ойининг ўнинчи куни (1191 йил 3 август) вафот этган. Унинг қабри рафиқасининг ёнидадир. Ҳалаб шаҳрининг юқори тарафидаги ҳанафий олимлар учун махсус тайёрланган "Мақоми Иброҳим" деб аталувчи мақбарага дафн этилди. Ибнул Адим ривоят қилади: Зиёуддин Муҳаммад ибн Ҳамис ал-Ҳанафийдан шу сўзларни эшитдим: "Шайх Косоний ўлим тўшагида экан, унинг ҳузурига келдим. У киши бирдан Иброҳим сурасини ўқишни бошладилар ва "Аллоҳ таоло иймон келтирган зотларни дунё ҳаётида ва охиратда собит сўз ила собит қилур" оятини ўқишлари билан руҳлари таналарини тарк этди" Алоуддин Косоний ва Фотима бинти Муҳаммаддан Маҳмуд исмли фарзанд қолган. Айюбийлар ҳукмдори Султон аз-Зоир ўзи уни ўз қарамоғига олиб, вояга етказган. Косонийнинг  энг эътиборли асари "Бадоеу-с-саноеъ фи тартиби-ш-шароеъ", яъни "Шариат қонунларини тартиблашда гўзал санъатлар" китобидир, шу билан бирга, ислом фиқҳига оид "ас-Султонул мубин фи усул ад-дин" ва "Ал китоб ал-жалил" номли асарлари борлиги ҳам айтилади. Шунингдек, алломанинг "Эътиқод" рисоласи ҳам машҳурдир. Турли манбаларда алломанинг қаламига мансуб бўлган кўплаб асарларнинг номлари келтирилган бўлса-да, улар бизгача етиб келмаган.

Биз у зотнинг шахслари ўзида мужассам этган ва ўз ҳаётларида ҳам ифода ва инъикосини топган ғайриоддий табиатларидан айримларини айтиб ўтсак.

У зот ниҳоятда жасоратли ва журъатли бўлганликлари бот-бот китобларда зикр қилинади. Ўзи тўғри, деб билган ишни дангал бажарадиган, одамларнинг гаплари ва ҳатто аҳли илмларнинг ҳасад ҳамда маломатларидан қўрқмайдиган, бир қолип ва муҳр-га тушмайдиган тарзда ажойиб, эркин ҳаёт кечирган экан. У вақт-да аҳли илмларнинг аксарияти тавозеълик юзасидан эшак ва нари борса хачир минадиган пайтлар бўлган. У киши эса ҳеч қачон бундай нарсаларни минмас ва фақат ва фақат отнинг эркаги бўлмиш айғир минар экан. Айримлар вараъ ва тақво важҳи билан гўштдан парҳез қилсалар, у киши гўштнинг энг сара жойинигина ейишни маъқул кўрган. Энг чиройли ва қимматбаҳо либослар кияр, хуллас, ўзини жуда ҳурмат қилган инсон бўлган экан. Албатта, бу нафсининг сўзига кирганидан эмас, балки одамларнинг аксари фақат зоҳирий маънода тушуниб олган зоҳидлик каби тушунчаларнинг асл моҳиятидан хабардор эканидан ва ҳақиқий олим бўлганидандир.

Олимлар у кишининг ўзига ниҳоятда эътибор бериб, яхши кийиниши ва отларнинг ҳам энг зўрини минишини таъна қилсалар, ажойиб ҳазиломуз гаплар билан жавоб бераркан. Ривоят қилинишича, у пайтда олимлар ўзларини паст олиб, от минмас, минсалар ҳам бия, яъни отнинг урғочисини минар экан. Айғирларни эса фақат подшоҳлар, амирлар ва аскарларгина минар эдилар. Косоний эса минса, фақат айғир от минар экан. Бир куни у кишига бу ишлари борасида танбеҳ бериб, "нима учун сиз фақат айғир отни минасиз?", десалар, ҳазил аралаштириб:  "айғирни фақат эр кишилар минадилар", дея тушунчаси тор бўлган "парҳезкор" ва "зоҳид"ларни мот қилар экан.

Уйланиш масаласи ҳам ажо-йиб бўлган, у кишининг қайнотаси ва устози Алоуддин Са-марқандийнинг Фотима Самар- қандийя исмли ниҳоятда гўзал, оқила ва олима қизлари бўлган. У қиз илмда шу даражага етганидан ҳатто подшоҳлар фатво сўраган. Шу қизига подшоҳлар хонадонидан, ўша пайтда ислом оламининг кўп ерига ҳукмрон бўлган салжуқийлар хонадонидан кўп совчилар юборилган, қўли сўралган, лекин Алоуддин Самарқандий барига рад жавобини берган.

Вақт ўтиб, Косоний бу кишига шогирд тушиб, илмда ниҳоятда пешқадам бўлиб, ҳатто у кишининг "Туҳфа" номли ки-тобларига "Бадоиъус саноиъ фий тартиб аш-шароиъ" номли ажойиб шарҳ битганидан сўнг шу китобни маҳр ўлароқ баҳолаб, қизини у кишига никоҳлаб берган экан. Шундан сўнг илм аҳли орасида "Шароҳа туҳфатаҳу ва тазавважа ибнатаҳу" яъни, "Туҳфа"сини шарҳлаб, қизига уйланиб олди" деган гап машҳур бўлиб кетган. Фотимаи Самарқандийя бирор фатво чиқарса, унга ўзи, эри ва отасининг муҳрини қўйиб чиқарар эди. Косоний ҳам фатвога мутасадди инсонлардан эди ва ўзи шундай катта олим бўлишларига қарамасдан, кўп масалаларда аёлининг фикрини ўрганиб, сўнг фатво берар ва ҳатто  баъзи ҳолларда аёли унинг янглишаётган жойларини айтиб, тўғри йўлга солиб қўяр эди.

Рум, яъни ҳозирги Туркияда яшаган пайтларида бу мамлакатнинг энг катта олими бўлмиш Шаъроний билан бир масалада тортишиб қолади. У ҳам бўлса, икки мужтаҳид бирор масалада икки хил фикрда бўлиб, шунга кўра, икки қавл айтса, уларнинг ҳар иккиси тўғри бўладими ёки ҳақ уларнинг бирида бўлиб, наригиси хатоси учун ҳам ажр оладими?, деган масала эди. Шаъроний: "Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳдан манқулким, ҳар бир мужтаҳид мусибдур (ҳақни топгандир)!", деди. Шунда, Косоний "Сен нотўғри айтяпсан. Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган қавлларнинг саҳиҳига кўра, (бир масалада икки хил қавл айтган) мужтаҳидларнинг бири мусиб, иккинчиси эса муҳтиъ (масалада ҳақни топмаган) бўлади. Ҳақ эса фақат бир тарафда бўлади. Сен айтаётган нарса эса (яъни, ҳақнинг ҳар икки тарафда бўлиши) мўътазилийларнинг қавлидир", дея Шаъронийга раддия берди. Салжуқий Султон шундан сўнг, Косонийни Шомга, Нуруддин Маҳмуд Занкийнинг ҳузурига юборади. Косоний Ҳалабга келиб, у ернинг волийлари ва аҳолисидан катта эҳтиром кўради ва подшоҳнинг қарори билан Ҳалабийя мадрасасига раҳбар этиб тайинланади.

Косоний учун ўша пайтнинг одати бўйича, махсус тадрис (дарс бериш) гилами тўшалади ва у мазкур гилам устида атрофига тўпланган кўп сонли олимлар, мударрислар ва фақиҳларга дарс бера бошлади. Косоний кўп сафарларда юрарди. Салжуқийлар Султони ҳам баъзан уни ўз мамлакатига таклиф этиб турарди. Шундай пайтларда ҳам, яъни ўзи сафарда бўлган вақтларда ҳам у дарс берадиган кунлари унинг сажжодаси ўша жойга тўшалар ва унинг ҳурмати учун атрофида олиму мударрислар тўпланиб, ўтирар эдилар. Косоний нафақат фиқҳ ва унинг асослари, балки ҳадис илмида ҳам дасти баланд ва пешқадам олим эди. Ҳафтанинг маълум кунлари Ҳалабдаги жомеъ масжидида ҳадис ва унинг илмларидан сабоқ берар эди.

Ал-Косоний нафақат ислом оламида, балки бутун ғарбдаги илм ва маърифат кишилари орасида ҳам машҳур бўлган. У зотнинг китоблари ислом оламидаги энг машҳур олийгоҳ ва универститетларда ҳозиргача энг зарур дарслик сифатида ўқитилади. У кишининг асарлари ва ҳаёти атрофида юзлаб тадқиқотлар олиб борилган ва янги баҳс ва тадқиқотлар устида иш олиб борилмоқда.

Шахсан менинг ўзим 2015 йил Германиянинг Фрайбург шаҳрига муолажа учун борганимда, ўша жойдаги энг қадимий универститетнинг ҳуқуқ факултетига бордим. Факултетда буюк ватандошимизга эҳтиром сифатида ёдгорлик ўрнатилган, у кишининг ки-тоблари эса дарслик сифатида чуқур тадқиқ ва таҳқиқ билан ўқитилар экан. Улар менга ал-Косоний ҳақида жуда тўлқинланиб гапириб беришди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, диёримиздан чиққан барча фақиҳ ва олимлар орасида энг машҳури, илмий маънода энг кўп хизмати бутун олимлар томонидан эътироф этилган зот ҳисобланади. Ҳозир бу зотнинг ҳаётларини кенгроқ ўрганиш, қолдирган меросларини халқимизга етказиш, ёшлар тарбиясида бу асарлардан тезроқ фойдаланишни бошлаш лозим. Бу зотнинг туғилиб ўсган диёрлари Косонсойда худди Насафда "Калом мактаби", Марғилонда "Фиқҳ мактаби" ташкил қилингани каби Алоуддин ал-Косоний номида илмий мактаб ташкил қилиш, бирон маърифат марказига асос солиш ва у зотни ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш учун мутахассислар жалб қилиш вақти келган, деб ҳисоблаймиз.

 Муҳаммадаюб Ҳомидов,

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси бўлими бошлиғи.

 

****

туҳфа

Рамазон хайр-эҳсон ойидир. Бунда садақа ва хайр-эҳсонларнинг савоби янада кўп, ажри улуғ. Шу боис туманимизда ушбу хайру саховат, меҳр-оқибат, шукроналик айёмини байрамона кайфиятда кутиб олиш ва ўтказиш учун зарур чора-тадбирлар кўрилди.

«Истиқлол» мажмуасида бир гуруҳ нуронийлар иштирокида ижтимоий ҳимояга муҳтож 20 нафардан ортиқ хаста дилларга катталар ва болалар аравачалари ҳамда реабилитация техник воситалари берилди. Саховат тадбирида дастлаб туман ҳокими Ж.Юлдашев юртимизда кўрсатилаётган бундай эътибордан барча хурсанд эканлигини таъкидлади. Тантанада Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Уч-қун Тиллаев, сўз устаси, қизиқчи Ўткир Муҳаммадхўжаевнинг иштироки тадбирга янада кўтаринки руҳ бағишлади.

- Бундай эътибордан кўнглим яйради. Президентимизга раҳмат, -дейди 95 ёшли Ўғилхон ая Қосимова.

Кеча иштирокчиларига бағишланган байрам дастури барчага манзур бўлди.

Бундай саховат тадбирлари давом этмоқда.

Абдуллажон Зарипов.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.