Газетамиз аввалги сонларининг биридан бошлаб "Косонсойнома" тарихи билан боғлиқ мақолалар эълон қилишни йўлга қўйгандик. Бу гал ана шу анъанага мувофиқ, ўтган аср 70-йилларининг охири ва 80-йиллари аввалида таҳририятда самарали фаолият кўрсатган ажойиб ижодкор, бир неча китоблар муаллифи Камолхон БОБОХОНОВ билан мулоқот уюштирдик.

- Камолхон ака, сиз Тошкент давлат университетининг журналистика факультетини тугаллаб, 1974 йилда адабий ходим сифатида газетанинг қишлоқ хўжалиги бўлимида ижодга киришганлигингизни биламиз. Тошкентдай пойтахти азимда талабаликнинг қувноқ даврларини суриб юрган ёш йигит учун бутунлай нотаниш ва очиғи, бироз зерикарлидай кўринадиган қишлоқ хўжалиги соҳасини ёритиш қийин кечмаганми?

- Тан олишим керак, ҳақиқатан, аввалига пахтадан 1 гектар ерда қанча ҳосил олиш мумкин, уни қанақанги йўллар билан парваришласа, яхши натижага эришса бўлади, экин қачон суғорилади ва қандай қилиб суғорилади сингари оддий, аммо мен учун бутунлай нотаниш бўлган саволларга жавоб топиш, бунинг устига зарур пайтда ҳолатни журналист сифатида таҳлил ҳамда тан-қид қилиш осон кечмаган. Аввало, жамоадошларим, шахсан муҳаррир Саидаҳмадхон Насимхоновнинг қўллаб-қувватлашлари туфайли соҳанинг ўзига хос томонларини секин-аста ўзлаштирганман. Қолаверса, сувчидан  тортиб механизаторгача, ҳар бири билан юзма-юз суҳбатлашиш орқали деҳқончилик сир-асрорларни босқичма-босқич билиб олганман.  

- Муҳаррир ҳақида гап кетганда, бир саволга жавоб беришингиз кўпчилик учун қизиқарли бўлса керак, деб ўйлайман. Яъни, сизнинг-ча, таҳририятга раҳбарлик қилувчи инсон қандай хусусиятларга эга бўлиши керак?

- Мен Саидаҳмадхон Насимхонов (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) тимсолида ижодкорларнинг ҳақиқий йўлбошчисини кўрардим. У кишидаги юксак маданият нафақат идорага келган турли тоифадаги фуқароларга, балки қўл остидагиларга қилаётган муомалаларида ҳам яққол акс этиб турарди. Ҳеч қачон мухбирларга қўпол гапирмаганлар. Бирор хатоликка йўл қўйсангиз ҳам, оғир, босиқлик билан тушунтирганлар. Мақолаларнинг сифатига ниҳоятда эътиборли эдилар, бироқ буни бировнинг кўнглини оғритадиган даражада талаб қилмасдилар. Ниҳоятда бағрикенг эдилар.

- Эҳтимол,  илк устозингиздаги ана шу эзгу хислатларни ўзлаштирган бўлсангиз керакдирки, сиз билан муомалада бўлган инсонлар ҳам юқори маданиятли, хушмуомала ва ўткир зеҳнли эканлигингизни мақтаб гапиришади.

- Агар шундай фикрда бўлишса, ниҳоятда хурсандман. Ўзи аслида ижодкор одам бошқалардан хушмуомалалиги билан ажралиб туриши керак, деб ўйлайман. Сўз билан ишлайдиган журналист учун эса бу, биринчи даражадаги хислат бўлиши лозим.

- Сиз ўша пайтдаги давр тақозосига кўра бошқа ном билан чоп этилган туманимиз газетаси таҳририятида фаолият кўрсатган йилларда кимлар ижод қилишарди?

- Мен адабий ходим сифатида ишни бошлаганимда, Ваққосхон Мамадалиев муҳаррир ўринбосари эди. Кейинроқ шу лавозимда Пўлатжон Қаҳҳоров фаолият кўрсатганлар. Умрзоқ Ботиров масъул котиб, Каримжон Охунов маданият бўлими мудири эди.  Бозорбой Каримов, Қодиржон Абдукаримов, Абдумажид Мамасолиевлар мухбир, Эмина Асанова ёзув машинаси ходими, Пўлатхон Пўлатов эса ҳисобчи вазифаларида хизмат қилганлар.

Кейинчалик сафимизга Тўхтасин Тожибоев, Зокиржон Абдуллажонов, Ёқубжон Дадажонов, Абдураҳмон Иномов, Муҳаммадали Эргашев, Иброҳим Усмонов, Муҳаммадхон Акрамов, Шавкат Мирзаев, Абдуғаффор Ориповлар қўшилдилар.

Газета ўшанда Наманган шаҳридаги босмахонада чоп этиларди. Бу эса жамоамиз аъзоларига "Наманган ҳақиқати" газетасининг мухбирлари билан ўзаро фикр алмашиш имконини берган. Айниқса, вилоят газетасининг етакчи ижодкорлари ҳисобланган Йўлдошали Эгамбердиев ҳамда Тожиддин Иномхоновлар билан ниҳоятда баҳамжиҳатликда ишлаганмиз. 

- Сизни яхши таниган инсонлар ўз вазифангизга ўта масъулият билан ёндошишингиз туфайли  адабий ходимликдан қисқа муддатда бўлим мудири лавозимига ўтганлигингизни айтишади. Сўнг масъул котиб вазифасида ижод қилгансиз. Шунингдек, вилоят ва республика миқёсидаги оммавий ахборот воситаларида ҳам долзарб мақолаларингиз билан иштирок этган экансиз. Ҳаммасига қандай улгургансиз? Менимча, бу борадаги тажрибангиз ёш ижодкорлар учун ниҳоятда фойдали бўлади.

- Одам бирор нимани ўта хоҳласа, ҳаммасини уддалайди. Мен Наманган ва Тошкентдаги газета, журналларга мақола жўнатиш билан бирга, республика радиосига ҳам хабарларимни йўллашдан асло эринмасдим. Айниқса, тушлик пайтида радио орқали эфирга узатиладиган қишлоқ хўжалиги ходимларига аталган эшиттиришда жуда кўплаб мақолаларим билан қатнашганман. Бу эса нафақат журналист сифатида танилиш, балки маҳоратимни оширишимда ҳам мен учун бир мактаб бўлган.

- Мухбир сифатида иш бошлаган илк даврларда бирор қизиқ ҳолатга дуч келганмисиз?

- Аслида таҳририятда ишлашнинг ўзи қизиқарли жараён. Сабаби, турли касбдаги, турли табиатли инсонлар билан учрашасан, кўпгина нарсаларни билиб оласан. Шунингдек, кутилмаган вазиятлар ҳам бўлиб туради.

Бир гал "Райком"га хизмат юзасидан телефон қилиб, ўзимни таништирдим ва телефон тармоғининг нариги томонидаги кишининг ким эканлигини сўрадим. У эса "Мен кимман", деди. Мен тушунмасдан: узр, сиз кимсиз, дедим яна қайтадан. Ҳалиги овоз эса: "Мен кимман", деган жавобни яна такрорлади.

Очиғи, бирор "каттакон"га қўнғироғим ёқмасдан, мени мазаҳ қилаяпти шекилли, деб, телефонни жойига қўйиб қўйдим. Бир неча дақиқадан кейин таҳририятга корейс миллатига мансуб киши кириб келди ва: "Ҳали сиз телефон қилувдингизми?" деди. Ҳа, мен эдим, десам, "Сизга жавоб берган одам эса мен эдим", деди ва исмини айтиб, "Фамилиям - Ким" деди. Шунда мен асл ҳақиқатни тушуниб етдим. Ўшанда иккаламиз ҳам бараварига кулиб юборгандик.  

- Туманимиз газетасида бир неча йиллар фаолият кўрсатгач, она шаҳрингиз - Чустдаги билим юртида ўқитувчилик қилган экансиз. Шундай кейин журналистикага қайтмабсиз. Педагогикани асло камситмоқчи эмасмиз, лекин журналист дипломи бор инсоннинг, айниқса, ўзига хос иқтидор соҳибининг  соҳани тарк этиши бироз ғалатироқ... Мажбур бўлганмисиз?

- Йўқ, асло. Ўзим туғилиб ўсган Чустдаги газетада штатлар банд эди. Шундай пайтда билим юртида она тили ва адабиёт фанидан ўқитувчи етишмаслигини айтишди. Ёш оила бошлиғи эканлигим ва таълим-тарбия муассасасидаги ойлик маош таҳририятдагидан кўпроқ бўлганлиги қизиқтирдими, ҳарқалай, ўқитувчи сифатида ишлай бошладим ва бу менга маъқул келиб, меҳнат фаолиятимни шу касбда ўтказдим. Муҳими, ижодни ҳечам тўхтатганим йўқ. Айниқса, мақолаларим билан "Чуст ҳақиқати" газетасида  доимий равишда қатнашиб келдим. 

- Бундан яхши хабардормиз. Сабаби, "Чуст ҳақиқати" газетасининг айни пайтдаги муҳаррири Замира Меҳмоновадан сиз ҳақингизда сўраганимизда: "Камолхон аканинг дилбар ҳикоялари, оила, турмуш чорраҳалари мавзуларидаги қатра ва лавҳаларини кутиб юрадиган мухлислари жудаям кўп бўлган. Ҳатто бир-икки сонда узилиш юз берса, нимага у кишининг мақолаларини газетада бермаяпсизлар, деб биздан сўрашган. Камолхон Бобохонов ҳақиқий туғма ижодкор инсон", деган жавобни олдик. Лекин сўнгги йилларда ижодингиз бироз сусайганлигиниям яширишмади...

- Газетада иштирок масаласида шундайдир, лекин бадиий ижод билан жиддий шуғулланишни канда қилганим йўқ. Дастлабки, "Куз хотирлари" деб номланган китобимдан кейин "Қалб жароҳати"ни ёздим. Сўнг "Кенжа ўғил", "Мени кечир", Кўнгил оғуси" китобларим чоп этилди. Уларни ўқиган китобхонлар қисса ва ҳикояларим ниҳоятда маъқул келганлигини самимий эътироф этишяпти, бундан эса янада хурсанд бўлаяпман.

- Пойтахт газета ва журналларида ҳам асарларингиз эълон қилиб борилиши, хусусан, кўп йиллик тарихга эга "Муштум" журналида кетма-кет ҳажвияларингиз берилганлиги сиз республика миқёсида эътироф этилган ижодкор эканлигингизни англатади. Зиёлиллар орасида анчайин оммавийлашган "Китоб дунёси" газетасида бундан бир неча йил аввал чоп қилинган "Хазина" дея номланувчи ҳикоянгиз мухлислар эътиборига тушганигидан хабардормиз. Кўпчилик кўнглига яқин асар ёзиш учун ёзувчи нималарга эътибор қаратиши керак, деб ўйлайсиз?

- Аслида ижодкор ҳаётга ўзгача нигоҳ билан қараши лозим. Оддий одам кўра билмайдиган, яъни эътибор қилмайдиган нарсаларга-да ёзувчи аҳамият бериши ва улардан ҳикмат топа олиши керак. Кундалик воқеа-ҳодисалардан ҳаёт ҳақиқатини англаб етиши ва уларни ўқувчи онги, маънавиятига таъсир қила оладиган даражада ёзиши  зарур. Бу йўлда эса маҳоратини эринмасдан ошира борсагина, мақсади амалга ошиши мумкин, деб биламан.      

- Биз Камолхон Бобохоновни оқил оилабоши, меҳрибон ота тариқасида ҳам яхши биламиз. Шаҳзодахон опа билан Жаҳонгир, Шаҳноза, Шавкатхон сингари одобли, хушҳулқ фарзандларни улғайтирдиларинг. Бугунги кунда улар турли соҳаларда эл-юртга сидқидилдан хизмат қилиб, сизларга олқиш олиб бераяптилар. Ҳозирги, турли оилавий низолар авж олган замонда аҳилликни таъминлашнинг ўзига хос сирлари ҳақидаги мулоҳазаларингиз билан ўртоқлашсангиз.

Бунинг ҳеч қандай сири йўқ. Фақат оилада ҳар ким ўз ўрнини билиши, ота отадек, она онадек бўлиши, ўғил ва қизлар ҳам номларига муносиб йўл тутишлари лозим. Қайнота ва қайнона ҳам ўз ҳаддиларини ҳис қилишлари керак. Қолаверса, ўғил ва келинлар  зиммаларидаги вазифаларини уддаласалар, бўлди. Ўртада ўзаро ҳурмат қочмаса, доимий равишда муросасозликка ҳаракат қилинса, ҳеч қандай муаммо юзага келмайди.

- Ижодни, хусусан, журналистикани танлаган ўғил-қизларга тилакларингиз?

- Ҳар қандай иқтидор болаликдан бўй кўрсатади. Мен 6, 7-синфда ўқиган кезларимда ўқувчилар учун мўлжалланган республика газеталарига мақолалар ёзиб юрардим. Ўшанда  газетхоннинг бирор  мақоласи чоп этилмаса ҳам, таҳририят ундаги камчиликлар ҳақида муаллифга хат ёзиб, мактубни почта орқали жўнатиш одат бўлган эди. Таҳририятлардан ана шундай мактубларни олишим ва газеталарда мақолам эълон қилиниши мен учун жуда катта бахт бўлган ва янги мақолалар ёзишим учун илҳомлантирган. Ўзини ижодкор деб билган ёшлар бугун ҳам ана шундай туйғуларни ҳис қилишлари лозим. Қолаверса, журналистикани танлаган ёшлар интернет ривожланган, газета, журналлар аҳамиятини бироз йўқотгандек кўринган бугунги кунда ҳам, албатта, босма оммавий ахборот воситаларини мунтазам ўқиб боришлари, уларни чуқур ўрганишлари  керак. Чунки газета ва журналларда чоп этиладиган мақолалар электрон нашрларникидан сифат борасида тубдан фарқ қилади. Муҳими, босма нашрлар ўғил-қизларни китоб сари етаклайди, уларда мутолаа кўникмаси ва маданиятини шакллантиради.   

- Ижодингизнинг дастлабки йиллари кечган даврларни, қадрдон макон - Косонсойни   қандай хотирлар билан ёдга оласиз?

-  Балки кимлар учундир шунчаки баландпарвоз гапдек туюлар, лекин ижодимнинг энг бошланғич даври билан боғлиқ "Косонсойнома"да фаолият кўрсатган йилларимни ниҳоятда кўп эслайман. Ўша пайтда ҳар куни 1,5 соат йўл босиб, автобусда ишга қатнаганлигим бироз қийиндек туюлгандир, аммо ҳозир энг ширин лаҳзаларим ана шу даврларга тўғри келганлигини юрак-юракдан ҳис этаман. Ишонасизми, ҳатто Косонсой тушларимга кириб чиқади. Юртдошларимиз томонидан ҳам алоҳида эътироф этиладиган қўшни туманимизнинг гўзал табиати, меҳнатсевар,  шинаванда аҳлини бу маконда бир кунгина бўлган одам асло унута олмайди аслида.     

Анорбой ОЛИМОВ суҳбатлашди.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.