Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида туманимиз маркази аввалгидан-да кўркам қиёфа касб этди. Бунда "Обод марказ" давлат дастурида белгиланган тадбирлар ижроси таъминлагани муҳим аҳамиятга эга бўлди. Мазкур дастурга кўра бир неча мактаб  ҳамда мактабгача таълим муассасалари бинолари мукаммал таъмирланди. Масалан, 1, 4-мактаблар, 14, 15-мактабгача таълим ташкилотларида кенг кўламда таъмирлаш ишлари амалга оширилди ва натижада улар қиёфаси тубдан ўзгарди. Эътиборлиси, таъмирлаш ишлари учун дастур  асосида миллион-миллион сўмлаб маблағлар сарфланмоқда.  Биргина 15-МТТ учун 2 миллиард сўмдан зиёд пул харажат қилингани фикримизга ёрқин мисол бўла олади.

Шунингдек, туман марказидаги 5 та коллежлар биноларида ҳам таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилмоқда. Хусусан, Косонсой мактабгача таълим ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежини таъмирлаш учун 900 миллион сўмга яқин маблағ харажат қилинди, Косонсой тиббиёт коллежини кўркам қиёфага келтириш учун эса 260 миллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Эътиборлиси, қутлуғ айём арафасида туман марказидаги ташкилот ва идораларнинг маъмурий бинолари ҳам байрамона тус олди. Мисол учун, туман давлат санитария-эпидемиология маркази иморати талаблар даражасида таъмирланиш натижасида замонавий тусга кирди.

"Обод марказ" дастурига кўра бозор инфратузилмаси объектлари қуришга ҳам эътибор қаратилди. "Кушон масрур парранда" МЧЖ томонидан Жомий маҳалласида барча қулайликларга эга ошхона барпо этилди. Гулобод маҳалласида диагнос-тика маркази, Жомий кўчасида 2 қаватли савдо дўкони, ошхоналар ҳам ҳудуд кўркига кўрк қўшди. Дастур доирасидаги бундай эзгу ишлар давом этаверади.         

К. МАМАЖОНОВ, туман ҳокимлиги бош мутахассиси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.