Президентимизнинг эътибор ва ғамхўрликлари туфайли электр энергияси, газ ва ичимлик суви таъминотида кўп йиллар мобайнида йиғилиб қолган муаммолар босқичма-босқич бартараф этилмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда аҳолига электр энергияси етказиб бериш борасида ижобий томонга ўзгаришлар сезилаётир. Буни барчамиз ҳис қилиб турибмиз. Чунки электр токининг тез-тез ўчишига деярли барҳам берилди. Ҳадемай, бу борада янада юқори натижага эришилиши шубҳасиз. Сабаби, Тўрақўрғонда қурилаётган иссиқлик электр станцияси қурилиши ниҳоясига етказилмоқда.

Кўпчиликнинг хабари бор, бундан бир неча йиллар аввал қурилишига киришилган Тўрақўрғон ИЭС Япониянинг "Мицубиши корпорейшн" ва "Мицубиши хитачи повер сис-тем" концорциуми томонидан бунёдга келтирилмоқда. Бош пудратчи билан 749,43 миллион АҚШ долларилик шартнома имзоланган. "Ўзбекэнерго" давлат акциядорлик компанияси буюртмаси асосида бунёд этилаётган мазкур станциянинг умумий лойиҳа қиймати эса 1 миллиард 195 миллион 870 минг АҚШ долларига тенг. 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб ёрдамчи пудратчи - Туркиянинг "Чалик энержи" компанияси муҳандис-техник мутахассислари қурилиш-монтаж ишларида фаол иштирок этаётир.

- Энергоблокнинг биринчисида қурилиш ишлари деярли ниҳоясига етиб бўлган, - дейди "Тўрақўрғон ИЭС қурилиши" дирекцияси директори Акмал Файзиев. - Газ ва буғ қувурларида автоматик тарз-да ишлайдиган тизимлар синовдан ўтказиляпти, электр ускуналарининг бир маромда ишлаши ҳам текшириб кўрил-япти. Қолаверса, ИЭСнинг электр токини узатувчи иккита юқори кучланишли ҳаво тармоқлари ҳам тахт ҳолатга келтирилди. Барча синов тадбирлари охирига етказилгач, яъни шу йилнинг кейинги ойида 1-блок фойдаланишга топширилади. 2-блок эса декабр-да ишга тушади.

Асосий меҳнат масканларидаги қурилиш-монтаж ишлари охирлаб бораётганидай, ёр-дамчи бино ва иншоотларда ҳам юмушлар ниҳоясига етказилмоқда. Масалан, маъмурият, ошхона ва мажлислар залини ўз ичига оладиган 3 қаватли замонавий бинода қурилиш ишлари жадал суръатларда кетмоқда. Ҳадемай, ҳудудни ободонлаштириш, йўлларни талаблар даражасига келтиришга ҳам эътибор кучайтирилади. Шунингдек, ИЭСга яқин ҳудудда бунёдга келаётган, ҳар бирида 32 та оила жой олиши мўлжалланган ишчи-хизматчиларнинг 5 та уйида ҳам пардозлаш жараёни авжига чиқаётир.   

Кўпчиликни янги корхона фойдаланишга топширилиши муносабати билан қанча одам юмушли бўлиши ҳам қизиқтиради. Буни инобатга олиб, директорга шундай мазмундаги савол билан мурожаат қилдик. Раҳбарнинг айтишича, дастлаб 200 киши, сўнг 300 киши корхонада меҳнат қилиш учун жалб этилади.

- Ҳозирнинг ўзида мутахассисларни деярли танлаб бўлдик. Станция жиҳоз ва қурилмалари замонавий, ўзига хос мураккабликларга эга бўлганлиги сабабли юқори малакали кадрларни қабул қилишга эътиборни кучайтирдик. Ҳаттоки, бошқа электр станцияларида узоқ йиллар фаолият кўрсатган, бой тажрибага эга ходимларни ҳам ишга таклиф этдик, - деди  А. Файзиев.

Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси тезроқ ишга тушишишдан нафақат Наманган вилояти, балки водий аҳли умидвор. Чунки 900 мегаватт қувватга эга янги корхонада ишлаб чиқарилган электр энергияси Андижон ва Фар-ғона вилоятларига ҳам узатилади. Демак, ҳадемай, соҳадаги аҳвол ижобий томонга ўзгариб, аҳолининг талаб-эҳтиёжини қондириш, унинг турмуш фаровонлиги ортишини таъминлаш учун қулай шароит яратилади.

Анорбой ОЛИМОВ.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.