«Сув келтирган элда азиз», дейди доно халқимиз. Озод ва ҳур диёримизда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга алоҳида эътибор бериб келинмоқда. Хусусан, ҳукуматимизнинг «Наманган вилояти Косонсой туманида ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида «Обод» сув тўплаш ва тозалаш иншооти қурилиши тўғрисида»ги 464-Ф-сонли фармойиши ҳам ана шу мақсадга хизмат қилмоқда.

Лойиҳа қиймати 19849,470 млн. сўм бўлган иншоотда ўтган даврда «Юггазспецмонтаж» унитар корхонаси бош пудратчилигида катта ҳажмда қурилиш – монтаж ишлари амалга оширилди. Жумладан, лойиҳанинг «Гулистон» иншоотида сойдан сув олиш канали, резервуар ва 4 та замонавий «Грунтфос» насос агрегати ўрнатилди. Асосий «Обод» иншоотида 4 та сув тиндириш ва тоза сув сақлаш ҳовузи, фильтрлаш, насос станциялари, хлорлаш, лаборатория, бинолари, подстанциялар бунёд этилди.

Кеча иншоотнинг фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда корхона, ташкилот, муассасалар раҳбарлари, маҳаллалар фаоллари қатнашдилар. Маросимни туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ш. Дадабоев очди. Унда сўз олган вилоят «Сувоқава» Давлат унитар корхонаси директори М. Оппоқов йиғилганларни янги иншоот билан қутлади ва ўз сўзида «Обод» сув тўплаш ва тозалаш иншоотининг ишга туширилиши натижасида туманда 50 минг нафардан зиёд аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга кенг имконият яратилганлигини таъкидлаш билан бирга, айни дамда умумий узунлиги 13,09 километр бўлган ичимлик сув тармоғини тортиш ишлари жадал олиб борилаётгани, бу иш ниҳоясига етказилганидан кейин яна қўшимча равишда 32 минг нафардан ортиқ аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминланиши кўзда тутилганлигини эътироф этди.

Янги иншоотнинг очилиш маросими байрамона тусга айланди. Дошқозонда ош дамланди. Барча дастурхон атрофида жамулжам бўлди. Қуръон тиловат қилинди, нуроний оқсоқоллар дуога қўл очиб, янги иншоот бунёдкорларига раҳматлар айтишди. Тинчлик ва барқарорлигимиз абадий бўлишини Яратгандан сўрашди.

А. Олимов. М. Акрамов.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.