21 октябрь - Ўзбек тили байрами куни арафасида тумандошларимиз учун фахрланса арзийдиган воқеа рўй берди. 27-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Барно Тошпўлатова Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳамда Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилган  "Ўзбек тили бўйича энг яхши видеодарс" республика услубий-ижодий ишлар танловида она тили йўналишида биринчи ўринни эгаллади ва 11 миллион сўмдан зиёд пул мукофоти билан тақдирланди.

Фахрланса арзийдиган воқеа, дейишимизнинг сабаби, мазкур танловда мамлакатимизнинг шаҳару қишлоқларида фаолият кўрсатаётган 4 минг 300 дан ортиқ педагоглар ўз ишланмалари билан қатнашдилар. Дастлабки босқичда юқори малакали мутахассислардан иборат комиссия томонидан иштирокчиларнинг 38 нафари танлаб олинган бўлса, кейинги босқичда овоз бериш орқали муносиблар ичидан энг муносиблар сараланди. Ва ниҳоят сўнгги босқичда ғолиблар аниқланди.

- Менга Тошкентдан телефон қилишиб, ғолиблар сафида эканлигимни айтишганида, очиғи, қувончимдан кўзимга ёш келди. Пойтахтда тантанали маросимда иштирок этиб, мукофотни қўлга киритганимда эса хурсандлигим ўн чандон ошди, - дейди Б. Тошпўлатова. 

Ёш мутахассис НамДУнинг филиология факультетида ўқишни якунлаб, меҳнат фаолиятини бошлаганига 9 йил бўлди. Шу давр ичида у астойдил изланиб, тажрибасини орттира борди. Бунда педагоглар оиласида тарбия топгани, қолаверса, қайнотаси ҳам, турмуш ўртоғи ҳам ўқитувчи эканликлари муҳим аҳамият касб этди. Ахир инсон ўз маҳоратини қулай шароитда, бир-бирини ўзаро тушуна оладиган муҳитдагина намойиш эта билади. Барнохон ҳам аҳил оилада камол топиб, тағин шундай зиёли хонадонга келин бўлиб тушганлиги туфайли асосий эътиборини касбий малакасини юксалтиришга қаратди. Ўқувчиларга пухта билим бериб, фаолиятида энг замонавий педагогик технологияларни қўллашга ҳаракат қилди. Натижада интилишлари мамлакат миқёсида эътироф этилиб, дастлабки йирик муваффақиятга эришди.

- Бу рағбат юртимизда ўқитувчилар меҳнати эъзозланиб, қадри тобора улуғланиб бораётганининг яна бир белгисидир, - дейди муаллима. - Бундай эътибор ва ғамхўрлик эса бизни янада сидқидилдан фаолият кўрсатишга, ёшлар ҳар томонлама баркамол авлод сифатида улғайишлари учун муносиб ҳисса қўшишга илҳомлантиради.    

А. ОЛИМОВ.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.