Яқинда вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов туманимизга келиб, барча соҳада рўёбга чиқарилаётган тадбирларни атрофлича ўрганди. Амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор муаммоларга ечимлар топилди.

ПАХТА ДАЛАЛАРИДА

Вилоят раҳбари пахта майдонларида бўлиб, долзарб мавсум билан боғлиқ ишлар қай даражада ташкил этилганлиги билан қизиқди.  Худойбердиев ММТП ҳудудидаги "Шодиёра Диёра ҳосили", "Азим Музаффар осмони" фермер хўжаликларида теримчилар учун яратилган шароитларни кўриб, мамнун бўлганлигини билдирди. Фаоллик кўрсатаётганларнинг ҳар бирига сов-ғалар тарқатилди.

Деҳқонобод ММТП ҳудудидаги "Косонсой инновацион технологиялар" фермер хўжалигида 50 гектар пахта майдонида томчилаб суғориш технологияси жорий этилмоқда. Бу лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш учун хўжалик маблағларидан 400 миллион сўм сарфланяпти. Вилоятимиз раҳбари хўжалик етакчиси Муталибхон Эшонхўжаев билан суҳбатлашар экан, ишларни юқори даражага кўтариш учун нимаики зарур бўлса, албатта, ёрдам берилишини айтди.

ЯНГИЧА ЙЎНАЛИШЛАР - ТАРАҚҚИЁТ ОМИЛИ

Худойбердиев массивидаги Янги маҳаллада тадбиркор Қосимжон Дадажонов Косонсойда беданачилик алоҳида йўналиш сифатида ривожланишига катта ҳисса қўшмоқда.

- Наманганлик ҳамкорлардан беданачиликни ўргандик,  ҳозирда икки мингта бедана боқмоқдамиз,  даромадли соҳа экан. Қўшимча қурилиш қилмоқдамиз,  уни якунлагач, беданалар сонини йигирма мингтага етказамиз,  - деди тадбиркор.

Вилоят раҳбари хонадонларда ҳам беданачиликни ривожлантириш бўйича ўз таклифларини берди. Шундан сўнг у "Саховат ва кўмак" маркази томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари жамғарилиши билан танишди. Тумандаги саховатпеша тадбиркорлар ҳамда фермерлар кўмаги билан мева-сабзавотлар махсус омборга жам-ғарилаётгани ва улар эҳтиёжманд оилаларга адолат мезонлари асосида тарқатилиши маъқул келди.

МАҲАЛЛАЛАР МУАММОСИ ҲАЛ ЭТИЛАДИ

Вилоят раҳбари Бомраҳа маҳалласи аҳли билан учрашди. 3500 нафар аҳоли истиқомат қиладиган мазкур ҳудуддаги тоза ичимлик суви муаммосини ҳал этиш учун 3,6 километрлик тармоқ тортишга келишилди. Қолаверса, йўлларни таъмирлаш,  электр тармоқлари учун устунлар ўрнатиш бў-йича ҳам мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди. Бундай мақсадлар учун 500 млн. сўм маблағ ажратиладиган бўлди.

Баҳористон, Чусткўча ҳамда Чак маҳаллаларидаги айни шундай масалалар ҳам ечимини топди. 

Чак маҳалласидаги учрашув кечган 27-мактабнинг ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш борасидаги ишлар нафақат вилоят ҳокими, балки барча йиғилганларнинг кайфиятига кайфият қўшди.

- Наманганни гуллар шаҳри деймиз, бу маскан эса гуллар мактаби экан, - деди вилоят раҳбари. - Барча мактабларда шундай гўзаллик бўлиши ва фарзандларимиз шундай кўркам даргоҳларда таълим олишлари керак.

Вилоят раҳбари "Ўзбекистон" маҳалласида бунёд этилган "Маҳалла маркази"да ҳам бўлди. Яқинда ишга туширилган тикувчилик корхонаси орқали "темир дафтар" рўйхатидаги оила вакилларининг 20 нафари меҳнат билан таъминлангани  эътироф этилди. Хотин-қизларга гилам, жунрўмол тўқишни ўргатиш мақсадида ўқув курслари ташкил қилиниб, керакли дастгоҳлар ўрнатилгани ҳам манзур бўлди. Вилоят раҳбари "Янги баҳор шабодаси"  оилавий корхонаси раҳбарлари Абдуқаюм ота Абдуллаев ва Раъно ая Абдумажидовалар билан суҳбатлашди.

ТАДБИРКОРЛАР ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНАДИ

Вилоят ҳокими туманда тадбиркорликни ривожлантириш борасида имкониятлар ҳали кўплиги ва улардан унумли фойдаланиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

- Косонсойнинг саноат ишлаб чиқаришдаги улуши ҳозир 3,6 фоиз. Биз буни ўн карра кўтарамиз, - деди туман ҳокими Баҳодир Юсупов.

Косонсой ва Наманган шаҳри кесишмасидаги 103 гектарлик "Кушон" кичик саноат зонасида 740 млрд. сўмлик 149 та лойиҳа эвазига 7800 та янги иш ўрни яратилади.

Туятойди массивидаги Намуна кичик саноат зонасида олиб борилаётган ишларни тезлаштириш зарурлиги, 60 га яқин лойиҳа амалга ошиши орқали минглаб янги иш ўрни яратиш мумкинлиги қайд қилинди. Шунингдек, Тергачи ҳудудидаги Наманган шаҳри билан чегарадош жойдаги 10 гектарлик кичик саноат зонаси 150 гектаргача кенгайтирилганлиги, ҳадемай бу ерда  200 дан ортиқ ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини бошлаши ва бундай ўзгариш ишлаб чиқаришни жадаллаштириш учун асос бўлиши айтилди.

Ш. Абдураззоқов тадбиркорлар билан юзма-юз мулоқотлар пайтида бугунги кунда Президентимиз раҳбарлиги остида тадбиркорлар учун барча қулайликлар яратилаётганлигига алоҳида тўхталди. Бизнесни йўлга қўйиш ва уни ривожлантириш борасидаги ҳар қандай тўсиқларга қарши қарши кураш, айниқса, коррупион ҳолатларнинг олдини олиш алоҳида назоратда эканлигини айтди.

Анорбой ОЛИМОВ, журналист.

Жавлонбек АБДУЛЛАЕВ, туман Кенгаши депутати.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.