Мустақилликнинг 29 йилллиги байрами арафасида Гўрмирон қишлоғи аҳолиси қўшалоқ қувончни ҳис қилди. Тадбиркорлар томонидан барпо этилаётган 2,5 гектар майдондаги  бозор қурилиши  ниҳоясига етказилиб, байрам туҳфаси сифатида аҳолига тақдим этилди.

Эътиборлиси, 300 нафар тадбиркорнинг фаолият кўрсатиши учун қулай бўлган 40 та турғун савдо шохобчалари, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда мева-сабзавотлар расталари жорий этилган. Яна бир қувонарли томони шундаки, 1,5 гектар майдонда  тамомила замон талабларига жавоб берадиган чорва ҳайвонлари бозори  ишга туширилганидан нафақат қишлоқ аҳли, балки туманимиз ҳамда қўшни туманлар аҳолиси ҳам хурсанд.

Шунингдек, бозор ҳудудида ошхона, машиналар учун тўхтаб туриш майдончаси, санитария-эпидемологик талабларга мос ҳожатхона ҳам бор.

Қосимхон Амонхўжаев раҳбарлигидаги "Ҳасанхонобод савдо маркази" масъулияти чеклан жамияти ҳамда тадбиркор Муртазахон Дадахонов фаоллигидаги бозор қурилишига 570 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Бунинг 300 миллион сўми банк кредити ҳисобланади.

- Бозорни айланиб, замонавий бино ҳамда иншоотларни кўрдик ва бундай ободликдан дилимиз яйради, - дейди биз билан суҳбатда меҳнат фахрийси Умархон ота Камолов.

- Тадбиркорлар учун кенг йўл очиб берган Президентимиздан беҳад миннатдормиз. Илоҳим, умрлари узоқ, ризқлари баланд бўлсин! - суҳбатга қўшилади Абдуваққос Хўжабеков.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.