Миллий бойлигимиз ҳисобланган "оқ олтин"ни ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан йиғиб-териб олиш ишлари қизғин паллага кирди. Айни шундай жараёнда фермер хўжаликлари аъзолари билан бир қаторда виждон амрига кўра далага чиқиб, белига этак тутган маҳаллалардаги аҳоли вакиллари фаол иштирок этмоқдалар. Туманимиз хирмони юксалишига баҳолиқудрат ҳисса қўшаётган жонкуяр ҳамюртларимиз эса хизматларига яраша рағбатлантирилмоқдалар.

 «УЙДА ЎТИРА ОЛМАДИМ»

Пахта йиғим-терими мавсумида Обод маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Мазкур маҳаллада истиқомат қилувчи, нафақа ёшига етиб, қарилик гаштини суриб юрган Исроил ака Мўминов оилавий бўлиб далага чиқди. Яъни жонкуяр ҳамюртимиз турмуш ўртоғи Сожида опа, келинлари Ҳабибани ёнига олиб, мавсум бошланиши билан фермерларга ёрдам беришга отланди. 

- Қарасам, уйда ҳам бекор ўтирибмиз. Ундан кўра далага борайлик, ҳам пахтакорларга ёрдам берамиз, ҳам терим пулини олиб,  оиламизга даромад киритамиз, дедим, - завқланади Исроил ака. - Мана, мазза қилиб, пахта тераяпмиз. Ахир бунинг ҳам ўзига яраша гашти бор-да!

1 КУНДА 387 минг СЎМ

Тожиддин Сайдуллаев етакчилигидаги оиланинг далага чиқиб, топган даромади ҳақиқатан 1 кунда шунча миқдорни ташкил этди. Қувончли натижага эришишда хонадон соҳибининг турмуш ўртоғи Мавлуда опа, қизи Мастура ҳамда келинлари Феруза ва Хуршидаларнинг хизмати катта бўлмоқда.

- Менимча, ҳозирги кунларда тани соғ, ақли расо ва бирор фойдали машғулоти бўлмаган одам албатта ўз ўринни пахтазорда билиши керак, - дейди. - Чунки бир-бир ярим ой давом этадиган мавсумда пешона тери билан топилган даромад ниҳоятда ҳалол бўлади. Қолаверса, меҳнатимиз билан фермерларга ҳам ёрдам берамиз.

САХИЙҚАЛБ

Маълумки, йиғим-терим кетаётган ҳудудга бориб-келиш учун бирор транспорт воситаси керак бўлади. Обод маҳалласи фаоллари бу масалани ҳал этиш устида бош қотириб туришганди, Аҳмадали ака Абдуллаев уларнинг жонига оро бўлди.

- Қўшнилар ҳечам ташвиш чекманглар, - деди у. - Биласизлар, "Дамас"им бор. Пахтазорга олиб бориб, олиб келиш менинг бўйнимда. Қолаверса, ўзим ва турмуш ўртоғим Насиба ҳамда келиним Манзура билан теримда фаол қатнашамиз. Ахир териб топширилган пахта учун дурустгина иш ҳақи тўланаётган бир пайтда ҳаммамиз фойдаланиб қолишимиз ке-     рак-ку?

Обод МФЙ аҳли долзарб мавсумни мана шундай аҳил ва иноқликда ўтказмоқда. Уларнинг ташаббуси бошқа маҳалладошларга ҳам ибрат бўлади.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.