Чет мамлакатда ўқиб қайтган фуқаро дипломини ностирификация қилиши керак. Бу Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан амалга ошириларди. Эндиликда ҳамюртларимиз учун яна бир қулайлик яратилди.

Демоқчимизки, хорижий мамлакатларда берилган таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш тўғрисидаги аризаларни Давлат хизматлари марказларига шахсан келган ҳолда ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мустақил равишда - электрон кўринишда ҳам юбориш мумкин.

Давлат хизматлари марказлари ва давлат инспекцияси ўртасида ўзаро ахборот алмашинуви идоралараро электрон ҳамкорлик ёрдамида бажарилади.

Ҳужжатни ностирификациялаш учун давлат хизматини кўрсатиш тартиби қуйидагича:

- электрон шаклда анкета тўлдирилади;

- хорижий давлатда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат ва унинг иловаси нусхаси берилади;

 - ҳужжатни Ўзбекистон Республикаси давлат тилига нотариал тасдиқланган таржимаси тақдим этилади;

Давлат хизматини кўрсатиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида  йиғим қайта мурожаат учун, янги мурожаат учун уч баробар миқдорида йиғим ундирилади.

Эксперт комиссияси томонидан таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат махсус экспертизадан 15 кун ичида ўтказилади. Сўнг белгиланган махсус синовларни топшириш орқали нострификациялашга тавсия этилади.

Хуллас, юқорида таъкидлаганимиздек, давлатимиз томонидан фуқаролар учун яна бир қулайлик яратилди ва зарур пайтда ундан унумли фойдаланиш лозим. 

Ў. мўйдинова, туман Давлат хизматлари

маркази бўлим бошлиғи.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.