Шаҳримиздаги марказий ўйингоҳ икки кун байрам оғушида бўлди. Биринчи куни пойтахтдан ташриф буюрган эл ардоғидаги эстрада хонандалари - Шаҳзода ва Шоҳруҳхоннинг ҳар бир чиқишлари йиғилганларга олам-олам қувонч бағишлади. Иккинчи куни ташкил этилган байрам тантаналари карнай-сурнайлар жаранги билан бошланди. Юртдошларимиз байрам шодиёнасига ошиқар эканлар, ҳамманинг чеҳрасида бугунги кундан, истиқлол берган имкониятлардан мамнунлик ҳисси акс этиб турарди. Айниқса, кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси тобора кўзга ташланаётгани ёшу қарининг кайфиятига ижобий таъсирини ўтказмоқда.  

Туман ҳокими Баҳодир Юсупов Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллиги байрами муносабати билан барчани самимий муборакбод этиш билан бирга, ўтган йиллар давомида эришилган ютуқлар, хусусан, туманимизда қишлоқ хўжалиги ва саноатни тараққий топтириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар, қурилиш ва ободонлаштириш тадбирлари тўғрисида сўз юритди. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида "Обод марказ" давлат дастури асосида Косонсой шаҳри янада кўркамлашгани алоҳида эътироф этилди. Байрамга куй-қўшиқ ярашади. Ўйингоҳ бадиий ҳаваскорлик жамоалари чиқишлари билан файзга тўлди. Дилбар қўшиқлар жаранг сочди, йиғилганлар шўх яллаларга рақсга тушдилар, мириқиб ҳордиқ чиқардилар. Элимиз ардоғидаги хонандаларнинг ашулалари ёшлар томонидан гулдурос қарсаклар билан олқишланди.

Эътиборлиси, туман маданият бўлими санъаткорлари байрам дастурини халққа манзур даражада, юқори савияда бўлиши учун астойдил ҳаракат қилган. Яъни шеърлар, саҳна кўринишлари ҳамда куй-қўшиқларда она Ватанимиз, истиқлол имкониятлари мадҳ этилиши билан бир қаторда одамийлик, ҳалоллик, севги ва садоқат туйғулари ҳам тараннум қилинган.

Хуллас, бир неча соат давом этган байрам дастури ҳамюртларимиз қалбида мустақил Ўзбекистонга бўлган меҳр-муҳаббатни оширгани шубҳасиз. Шунингдек, юксак кайфият, фаровон турмушдан мамнунлик ҳисси эришилаётган мувафақиятлар салмоғи ортишига ҳисса сифатида қўшилиши ҳам тайин.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.