Мустақилликнинг йигирма саккиз йиллиги байрамига тобора яқинлашиб борар эканмиз, шаҳару қишлоқларимиз кундан-кун чирой очаётганини кўриб, ич-ичимиздан қувонамиз. Ҳар бир ҳудудда, ҳар бир соҳада қурилиш ва ободонлаштириш ишлари авж олаётгани қалбимизда фахру ғурур туйғуларини жўш урдиради. Хусусан, бизнинг тиббиётда ҳам  қатор ижобий ўзгаришлар юз бермоқда. Масалан, "Обод қишлоқ" дастури доирасида бир неча қишлоқ врачлик пунктлари ҳамда қишлоқ оилавий поликлиникалари мукаммал таъмирланаётгани зиммамизга улкан вазифаларни юклайди.

Айни кунларда Хонқўрғон МФЙда жойлашган, 50 қатновга мўлжалланган "Шарқ юлдузи" ҚВПда мукаммал таъмирлаш ишлари жадал суръатларда кетмоқда. Яъни мазкур тиббиёт муассасамизда 832 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган. Ҳозиргача ҚВПни иссиқ ва совуқ сув билан таъминловчи тизим ўрнатилди. Шунингдек, канализация ҳам буткул янгиланди. Эшик ва деразалар замонавийсига алмаштирилиб, пол ҳам ниҳоятда кўркам ҳолатга келтирилди.

Эндиликда қоровулхона, ҳожатхона, кўмирхона сингари ёрдамчи бино ва иншоотлар барпо этилмоқда. Муассаса атрофидаги эски, пастқам деворлардан воз кечилиб, ўрнига тик ва равон деворлар қад ростламоқда. Ҳудуддаги гулзорларни тартибга келтириш, йўлакларни равонлаштириш сингари ободонлаштириш ишлари ҳам авжида. Бундай юмушларни сифатли уддалашда Одилжон Ғаффоров етакчилигидаги "Косонсой мебель" МЧЖ бунёдкорларининг ҳисаси катта бўлмоқда.

Маълумки, мазкур ҚВП туманимизнинг чекка ҳудуди аҳолисига хизмат кўрсатади. Кундузги даволаш йўлга қўйилган, физиотерапия хизматларидан тортиб, лабораториягача тўла таъминланган тиббиёт муассасамиз янгича қиёфага киргач, хизмат сифати, даволаш ишлари самарадорлиги янада юксалиши табиий. Чунки беморлар дардига даво беришда қулай шароит ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Мана шундай шароит Тагижар қишлоғида жойлашган "Дўстлик" ҚВПда ҳам яратилади. 50 қатновга мўлжалланган тиббиёт муассасамизда 602 миллион сўмлик таъмирлаш ишлари рўёбга чиқарилмоқда. Отабек Жўраев раҳбарлигидаги "Зилол қурувчи" хусусий корхонаси ишчилари ҳар бир юмушни сифатли уддалаш ҳаракатида. Шунингдек, Янги шаҳар МФЙдаги Худойбердиев номли ҚВПда Хайрулла Абдуллаев бошчилигидаги "Водий бетон девор" МЧЖ қурувчилари жадал суръатларда таъмирлаш ишларини бажармоқдалар. Мукаммал таъмирлаш учун 868 миллион сўмлик маблағ ажратилган.

Айни пайтда куз-қиш мавсумига тайёргарликка ҳам алоҳида эътибор билан ёндашилмоқда. 16 та тиббиёт муассасаларини қиш мавсумида бир маромда иситиш учун 1245 тонна кўмир жамғариш режалаштирилган. Ҳозиргача 400 тоннадан ортиқ ёқилғи жамғариб бўлинди. Бирлашмамизга қарашли муассасалар қозонхонларини соз ҳолатга келтириш ҳам диққат марказимизда турибди. Туғруқхона ҳамда юқумли касалликлар бўлимларининг қозонхоналари жорий таъмирдан чиқарилди. Қолаверса, ҚВП ҳамда ҚОПларнинг қозонхонлари хатловдан ўтказилиб, иситиш тизимларини ювиш-чайиш ишлари кетма-кет бажарилмоқда. Эътиборлиси, мазкур тиббиёт муассасаларимизда қишки мавсум учун сарфланадиган кўмир ғамлаб қўйилди. Тиббиёт бирлашмамизнинг асосий биноси атрофи ҳам тобора обод бўлиб бормоқда. Ички имкониятдан фойдаланиб, янги гулзорлар ташкил қилдик ва уларнинг ҳар бирини замонавий суғориш тизими билан таъминладик. Шунингдек, машиналар турар жойи ташкил этилди. Чунки муассасамизга келиб-кетадиган автотранспорт воситаларини бир тартибда туришини таъминлаш ҳам ниҳоятда зарур масала. Беморларга хизмат кўрсатувчи тиббиёт ходимларининг энг аввало, малакаси талаб даражасида бўлиши лозим. Қолаверса, уларнинг ташқи қиёфаси, орасталиги ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Шуни назарда тутиб, ходимларнинг махсус кийимларини таъмирлайдиган ва тикадиган чевархона жорий қилдик. Айни пайтда 2 нафар тикувчи бу юмушларни сифатли бажармоқда.

Хулоса қилиб айтганда, энг улуғ, энг азиз байрамимизни ҳар томонлама муносиб кутиб олиш тараддудидамиз. Зеро, давлатимиз томонидан бизга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилиб, барча шароитлар яратилаётган экан, элимиз соғлиғини сақлаш, турли касалликларнинг олдини олиш йўлида сидқидилдан фаолият кўрсатаверамиз.

Олимжон ҚОСИМОВ, тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, Халқ

депутатлари туман кенгаши депутати, тиббиёт фанлари номзоди.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.