Одамнинг иммунитет танқислиги вируси оқибатида келиб чиқадиган касаллик, яъни ОИВ бугунги кунда дунё мамлакатлари учун муаммога айланди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, 197 давлатда бу касалликни юқтирганлар 70 миллиондан ошиб, 34 миллиондан ортиғи ҳаётдан кўз юмган.

Шунинг учун ҳам сўнгги йилларда халқаро миқёсда ОИВ касаллиги тарқалишига қарши кураш масаласига ёндашувлар кескин ўзгарди. Республикамизда ОИВ инфекциясига қарши чора-тадбирларни мукаммал, замон талабларига мос ҳолда бўлиши учун ҳуқуқий жиҳатдан асослаб берувчи кўплаб қонун ҳужжатлари мавжуд. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, "Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида"ги Қонун, Одамнинг иммунитет тан-қислиги вирусига тиббий текширувдан ўтказиш Қоидалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш, текширувдан ўтаётган шахснинг соғлиғи ҳолатини ўрганиш ва уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ОИВ инфек-циясига барвақт ташхис қўйиш, бошқаларга юқишининг олдини олиш, тарқалганлик даражасини ҳамда унга қарши кураш тадбирлари самарадорлигини баҳолашда асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳисобланади.

Шу ўринда, ОИВнинг тиббий текшируви жараёнидаги айрим қоидаларга тўхталиб ўтсак:

- даволаш-профилактика муассасаларининг тиббиёт ходимлари ОИВга тиббий текширувдан ўтаётган шахслар тўғрисидаги маълумотлар махфийлигини таъминлашлари шарт;

- даволаш-профилактика муассасаси тиббиёт ходимлари ОИВни юқтириб олган шахсни даволашда ҳамда профилактик чора-тадбирларни амалга оширишда шифокор сирини сақлаган ҳолда шахсга нисбатан инсонпарварлик муносабатида бўлиб, унинг ҳуқуқларини поймол қилмасдан зарур тиббий ёрдам кўрсатиши шартлиги кўрсатиб ўтилган;

- агарда текширувдан ўтаётган шахсда ОИВ аниқланган тақдирда, у билан кейинги маслаҳатлашув ўтказилиб, диспансер ҳисобига қўйилиши ва мазкур шахс ўзга шахсларга ОИВ инфекциясини юқтирганлик учун жиноий жавобгарлик тўғрисида ёзма равишда огоҳлантирилиши белгилаб қўйилган;

- тиббий текширувдан ўтказиш натижалари шифокор сири бўлиб, шахс ёки унинг қонуний вакилининг розилигисиз ошкор қилишга йўл қўйилмаслиги таъкидланади;

- шахс аноним равишда текширувдан ўтказилиб, унда мусбат натижа аниқланганда, шахснинг қон намуналарини лаборатор таҳлил қилиш тўхтатилиши ва шахс билан кейинги маслаҳатлашув ўтказилиши ҳамда шахсини тасдиқловчи ҳужжат асосида ихтиёрий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтказилиши тавсия этилиши мумкин.

Дунёнинг кўпгина давлатларида ОИВ ОИТС инфекциясини бошқа шахсларга юқтирганлик учун жавобгарлик белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 57-моддасига кўра, ОИВ касаллиги ОИТСга учраган беморнинг касаллик юқтирилган манбаини, шунингдек ўзи билан алоқа қилиб таносил касаллиги ва ОИВ касаллиги ОИТС юқиши хавфини туғдирган шахсларни яшириш энг кам иш ҳақининг икки бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади, Жиноят кодексининг 113-моддасига кўра эса, била туриб бош-қа шахсни ОИВ касаллиги ОИТСни юқтириш хавфи остида қолдирган ёки унга ОИВ касаллиги ОИТСни юқтирган шахс беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Асримиз вабоси бўлган ОИТС офатидан халқимизни ва келажак авлодни халос этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

 

О. Қосимов,

туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, туман Кенгаши депутати,

А. Ҳасанов,

Давлат хизматлари маркази мутахассиси, туман

Кенгаши депутати.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.