Туманимиздаги Қўқимбой, Чўнгбош, Тергачи қишлоқларида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари-оилавий поликлиникалар янги биноларга эга бўлишди.

Инновация дастурига мувофиқ ҳар учала қишлоқдаги эски типдаги шифо масканларида қисқа муддатда реконструкция ва таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, қулай шарт-шароитга эга, тиббий хизмат сифатини янги босқичга кўтаришга қодир поликлиникалар бунёд этилди. Жумладан, Қўқимбой қишлоғидаги собиқ шифохонани сифатли таъмирлаб, замонавий тиббий хизмат кўрсатиш имкониятига эга муассасага айлантириш учун 1 миллиард 718 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланди.

- 6-оилавий полинлиникага айлантирилган муассасада аҳолига сифатли бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш учун қулай-шароитлар яратилган,-дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, туман Кенгаши депутати О. Қосимов. - Ичимлик сув, иссиқ сув таъминоти йўлга қўйилган. Бу ерда туни кун Тез ёрдам, кундузги шифохона хизмати кўрсатиш учун етарли имкониятлар яратилган. Бундан ташқари стоматология, умумамалиёт шифокорлари, акушер-гинеколог, педиатр, жарроҳ, УТТ мутахассиси кабиларнинг аҳолига тиббий ёрдам бериши учун барча шароитлар мавжуд.

Куни кеча Чўнгбош ва Тергачида 4,5-оилавий поликлиникалар бинолари ҳам тантанали равишда фойдаланишга топширилди. "Обод маҳалла" давлат Дастури асосида фойдаланишга топширилган 4-оилавий поликлиникадаги шарт-шароитлар шаҳардаги бундай муассасалардан қолишмайди. Поликлиникада Чиндовул қишлоғининг барча маҳаллалари аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд. Тез ёрдам шахобчаси ташкил этилиб, транспорт билан таъминланганлиги бу хизматни тезкор амалга ошириш имкониятини бермоқда.

-Қишлоқ аҳолиси ҳам энди ҳар томонлама қулай, шинам бинога, замонавий тиббий хизмат кўрсатиш имкониятига эга тиббиёт муассасаси хизматидан фойдаланадиган бўлди,-дейди Тергачи қишлоғида яшовчи У.  Дадабоев. - Бу юртимизда Президентимиз раҳнамолигида тиббий хизматни янада ривожлантиришга, аҳоли саломатлигини муҳофаза этишга берилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир.

Ҳар учала қишлоқда ўтказилган тиббиёт муассасаларининг тақдимот маросимлари катта тантанага айланди. Уларда аҳоли, кенг жамоатчилик вакиллари жамулжам  бўлишди. Маросимда туман ҳокими Ж. Юлдашев, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Олий Мажлис Сенати аъзоси С. Мўминов қатнашди ва янги муассасалар фаолияти билан танишишди.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.