туман тиббиёт бирлашмасида "Она ва бола"скрининг хонаси ташкил этилди

Президентимиз раҳнамолигида ҳар томонлама соғлом авлодни вояга етказиш, бу масалада давлат ва жамиятнинг масъулиятини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу аснода Президент Фармонлари ва ҳукумат қарорлари асосида дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Бундай сиёсат мамлакатимиз келажаги тараққиётига бўлган катта ишонч, халқимиз бахт-саодатига бўлган чуқур эътибордир.

Давлатимиз раҳбарининг ўтган йил 25 декабрдаги "2018-2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида"ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоятимида биринчилардан бўлиб туман тиббиёт бирлашмасида "Она ва бола"скрининг хонаси ташкил этилди.

-Скрининг-бу яширин туғма ва ирсий касалликларни аниқлаш учун аҳолининг катта қисмини текширувдан ўтказиш демакдир,-дейди скрининг хонаси ультратовуш текширув мутахассис врачи, туман Кенгаши депутати М. Каримова.-Ушбу маскан клиник оғриқсиз кечадиган касалликларни аниқлашга қаратилган стратегияни амалга оширишга хизмат қилади.

Унинг мақсади касалликларни имкони борича эрта аниқлашдан иборат бўлиб, бу ногиронликнинг олдини олиш учун даволашни ўз вақтида бошлашда аҳамиятга эга.

Туман марказий полик-линикасининг скрининг хонаси учун ажратилган қисмида қисқа муддатда мукаммал таъмир ишлари амалга оширилди ва зарур жиҳозлар, тиббий асбоб-ускуналар, компьютер билан таъминланди.

Германияда ишлаб чиқарилган замонавий ультратовуш текширув аппарати ўрнатилди.

Марказда тажрибали акушер гинеколог Г. Саломова, УТТ шифокори М. Каримова, уч нафар малакали ҳамширалар хизмат қилмоқда.

-Одатда ҳомиладорлик даврида аёллар камида уч марта - илк бор ҳомила даврининг 11-13 ҳафтасида, кейин 18-21 ҳамда 30-32 ҳафтасида УТТ текширувидан ўтишлари лозим,-дейди М. Каримова. - Аммо ҳомиладор аёлни назорат қилаётган шифокор тавсиясига кўра, қўшимча равишда текширув ишлари бажарилади.

-Мазкур масканнинг ташкил этилиши аёлларни ҳомиладорлик даврида турли ўткир юқумли касалликлардан огоҳ этиш учун қўшимча имконият яратди,-дейди Г. Саломова. - Шунингдек , эндокрин, сурункали хасталиклар, бўлажак оналарнинг овқатланиш тартиби кабиларга эътибор қаратилади.

-Мамлакатимизда соғлом оилани шакллантириш, она ва бола соғлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлодни вояга етказиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди,-дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди, туман Кенгаши депутати О. Қосимов.- Президентимизнинг "2018 - 2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури туғрисида"ги Қарори ҳам айнан оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, турли ирсий касалликлар ва болаликдан ногиронликнинг олдини олиш мақсади кўзланган махсус тиббий хизматни янада ривожлантиришда  муҳим дастуруламал бўл-   моқда.

Бирлашмамизда скрининг хизматини йўлга қўйилиши, энг  аввало, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, соғлом оилаларни шакллантириш, туғма ва ирсий касалликлар билан туғилишни ҳамда қариндошлар ўртасидаги  никоҳнинг олдини олиш, аҳоли тиббий маданиятини ошириш, фертиль ёшидаги аёллар репродуктив саломатлигини яхшилаш бўйича маърифий ишларни янада кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Бу каби ишлар қишлоқ врачлик пунктлари, маҳаллалар, ўқув даргоҳларида тез-тез аҳоли билан мулоқотлар ўтказиш, видеороликлар намойиш қилиш, буклетлар тарқатиш орқали ҳам амалга оширилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, ушбу сайъй-ҳаракатлар болаларнинг туғма ва ирсий хасталиклар билан дунёга келишининг олдини олишга қаратилган.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.