Т. ЖЎРАЕВ,

кекса шифокор, меҳнат фахрийси:

-Оила соғ экан, жамият мустаҳкам, мамлакат барқарордир. Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, уларга тиббий хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш, сифатли дори-дармон билан таъминлашга алоҳида эътибор бериляпти ва бу борада жуда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда. Бундан халқимиз чексиз миннатдор бўлмоқда.

Мана, қаранг, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли давогоҳлар реконструкция ва таъмирлашдан сўнг мисоли кошонага айланибди. Ҳар бир бўлимга қарашли биноларда шифокор ва даволанувчилар учун энг йирик шаҳарлардаги муассасалардан қолишмайдиган шароитлар яратилганини кўриб, очиғи беҳад ҳайратландим. Биз ишлаган даврларда бундай қулайликларни фақат орзу қилардик...

Бундай ғамхўрликларга жавобан ҳар бир шифокор, ҳар бир тиббиёт ходими ўз ишига масъулият билан ёндашиб, асосий вазифаси – аҳоли саломатлигини муҳофаза этиш, намунали тиббий хизмат кўрсатиш, турли касалликларнинг олдини олиш бўйича профилактик тадбирларда фаол бўлиб, замон талаблари асосида ўз билим ва малакасини ошириб боришига ишонаман.

Б. ХОЛДАРОВ,

туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи:

-Ўтган йилнинг сентябридан буён Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилишга қаратилган 60 га яқин фармон ва қарорлари қабул қилинди. Мазкур ҳужжатлар, айниқса, Президентимизнинг жорий йил 29 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш, тизимда мавжуд муаммоларни, ўз ечимини кутаётган масалаларни жойида ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, туманимизда ҳам аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш даражасини ошириш, бирламчи тиббий – санитария ёрдамини қарор талаблари асосида янада такомиллаштириш, соғлиқни сақлаш муассасаларини, энг биринчи навбатда, қишлоқ аҳолисига хизмат кўрсатадиган муассасаларнинг моддий –техника базасини янада мустаҳкамлаш, аҳолини сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлашни тубдан яхшилаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Айни кунда туманимиз аҳолисига 200 нафарга яқин малакали врачлар, 1500 нафардан ортиқ ўрта тиббиёт ходимлари хизмат кўрсатмоқда.

Аҳолига кенг кўламли бирламчи тиббий – санитария ёрдамини ўз вақтида ва сифати кўрсатишни таъминлаш мақсадида туманда фаолият кўрсатаётган 7 та қишлоқ врачлик пункти негизида 6 та қишлоқ оилавий поликлиникаси, 1 та тез тиббий ёрдам шахобчаси ташкил этилди. Янги ташкил этилган поликлиникаларни замон талаблари асосида жиҳозлаш, «Саломатлик-3» лойиҳаси асосида асбоб-ускуналар билан таъминлаш, малакали кадрлар захирасини яратиш  ишлари режали равишда амалга оширилмоқда.

Мақсадимиз – аҳолининг тиббиётга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш, тиббий маданиятини юксалтиришга эришишдан иборат.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.