Тиббиёт ходимлари куни арафасида туман тиббиёт бирлашмасининг даволаш ком-плекси фойдаланишга топширилди. Бу туманимиз тиббиётчилари учун касб байрамларига муносиб совға бўлди.

Истиқлолнинг дастлабки йилларидан мамлакатимиз тиббиёт тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширила бошланди ва бугунги кунда бу эзгу ишлар янгича қиёфа касб этмоқда. Бунда аҳоли саломатлигини муҳофаза этиш, ҳар томонлама соғ-лом ва баркамол авлодни вояга етказиш, халқимиз фаровонлиги ва турмуш даражасини янада юксалтириш учун зарур шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эзгу ишлар юртдошларимизнинг ҳаётидан рози бўлиб яшашларида, уларда эртанги кунга бўлган ишончини ортишида муҳим ўрин тутмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 29 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий – санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан муайян ишлар изчил давом этмоқда. Биргина туманимиз мисолида оладиган бўлсак, аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт муассасаларининг моддий - техника базасини янада мустаҳкамлаш, соҳа мутахассисларига зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, инвестиция дастури асосида туман тиббиёт бирлашмасининг даволаш комплексининг реконструкция қилишга қарийб 7 миллиард сўм маблағ сарфланди. Натижада 30 ўринли шошилинч тиббий ёрдам маркази ва унинг жарроҳлик, жонлантириш, ички касалликлар бўлими ҳамда марказий шифохонанинг 10 ўринли травматология бўлими, 2 та операцион блок,ихтисослаштирилган лаборатория бўлими, рентген ва физиотерапия, ички касалликлар, жарроҳлик бўлими жаҳон андозалари даражасида сифатли таъмирланиб, юмшоқ ва қаттиқ инвентарлар, «Саломатлик-3» дастури асосида замонавий тиббиёт жиҳозлари билан таъминланди.

Комплекснинг очилиш маросими катта тантанага айланди. Унда сўз олган туман ҳокими в.б. Ж. Юлдашев, вилоят соғ-лиқни сақлаш бошқармасининг бошлиғи ўринбосари Л. Аҳмедова, кекса шифокор, меҳнат фахрийси Т. Жўраев, «Таъмирқурилиш» хусусий фирмаси бошлиғи К. Олимхўжаев, туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи Б. Холдаров аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилашга қаратилган бу каби эзгу ишлар изчил давом этаётгани ҳақида атрофлича тўхталиб ўтдилар.

- Бу ишларнинг узвий давоми сифатида 2018 йилда 100 ўринли туғруқхона бўлими, қўшимча равишда лаборатория, кир ювиш хонаси, қозонхона, янги ошхона биноси, 300 қатновга эга бўлган кўп тармоқли поликлиника, бирлашма қошидаги дорихона ва марказлашган қозонхонада реконструкция ишлари олиб борилади, - деди ўз сўзида туманимиз раҳбари.    – Бирлашма ҳудудини замонавий дизайн асосида ободонлаштириш, атрофини девор билан ўраш ҳамда Чўнгбош қишлоқ оилавий поликлиникасини реконструкция қилиш ҳам режалаштирилган.

Тантанали маросимда реконструкция ва қурилиш ишларида жонбозлик кўрсатган «Таъмир-қурилиш», «Оптимал бунёд қурилиш» ва «Кушон бинокор қурилиш» корхоналарининг қўли гул қурувчиларига алоҳида эҳтиром кўрсатилди. Бир гуруҳ моҳир уста - қурувчилар, жумладан, К. Олимхўжаев, С. Қаландаров, Ш. Олимхўжаев, А. Абдиев, Т. Раҳимов, Э. Ражабов кабиларга туман ҳокимлиги, тиббиёт бирлашмаси маъмуриятининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари, шунингдек, туман ҳокими в.б. Ж.Юлдашев туман тиббиёт бирлашмасига «Дамас» русумли автомашинанинг калитини топширди.

«Таъмирқурилиш» хусусий фирмаси бошлиғи К. Олимхўжаев фойдаланишга топширилаётган мажмуанинг рамзий калитини туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи Б. Холдаровга тақдим этди. Маросим қатнашчилари янги қиёфа касб этган шифо масканида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар. Туман маданият бўлими санъаткорлари куй-қўшиқлар ижро этиб, тадбирга янада файз киритдилар.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.