Давлатимиз раҳбари томонидан фармацевтика саноатини ривожлантиришга, аҳоли ва даволаш профилактика муассасаларини юртимизда ишлаб чиқарилган сифатли, юқори самарали ва хавфсиз дори-дармон воситалари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 3 майдаги «Нукус-фарм», «Зомин-фарм», «Косонсой-фарм», «Сирдарё-фарм», «Бойсун-фарм», «Бўстонлиқ-фарм» ва «Паркент-фарм» эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида»ги Фармони, энг аввало, республикамизнинг фармацевтика соҳасини ривожлантиришга, дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, аҳолини ўзимизда ишлаб чиқарилган юқори сифатли дори-дармонлар билан таъминлашни янада яхшилашга кенг имконият яратади.

Фармацевтика саноатини ривожлантиришга йўналтириладиган эркин иқтисодий зоналар рўйхатига экологияси тоза ва соф, тупроқ ва иқлим шароити ноёб ҳудудлар, шу жумладан, туманимиз киритилганлиги эътиборга моликдир.

-Косонсойнинг ноёб иқлими, мусаффо ҳавоси, зилол суви азал-азалдан минг дардга даво бўлиб келган,-дейди кекса шифокор, меҳнат фахрийси Ҳамидулла ота Абдуллаев.- Туманнинг тоғ, адирликлар ёнбағри, сой қирғоқларида ёввойи ҳолда юзлаб турдаги шифобахш ўсимлик ва мевалар ўсиб, етилади.

Наъматак («шиповник»), дўлана, жийда, чилонжийда, эрман, янтоқ, шувоқ, арча, арслонқуйруқ, бўймодарон, ер қалампири, зубтурун, «қовун» (кавар), маймунжон, малина, каштан, шотара, ялпиз, қашқарбеда кабилар мисол бўла олади. Юртбошимиз фармонларида келгусида доривор ўсимликлар етиштириладиган плантациялар ташкил этиш вазифаси юклатилганлиги айни муддао бўлди. «Қончўп» («чистотель») бир қанча дардга даво, ҳатто саратонга шифо. Бу ўсимликни плантацияларда етиштирса бўлади. Ёинки пешоб ҳайдовчи «қирқ бўғин», қанд касаллигини енгишда фойдали «ер нок», юз дардга даво ошқовоқ, канакунжут, ер қалампири ва бошқа юздан ортиқ ўсимликларни парваришлашга иқлим шароитимиз мос келади. Тоғолди ҳудудларда дўлана, жийда ва ёнғоқзорларни кенгайтириш, плантациялар барпо этиш билан фармон ижросини таъминлашга ҳисса қўшган бўламиз.

Албатта, фармонда белгиланган бу каби вазифаларнинг амалга оширилиши доривор ўсимликлар хомашёсини қайта ишлаш ва дори - дармон воситалари, тиббиёт буюмлари, ёрдамичи ва қадоқлаш материаллари ишлаб чиқариш бўйича янги замонавий ишлаб чиқариш ва қувватларни ташкил этишга, маҳаллий доривор ўсимликлар хомашёси ва материаллар негизида фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнини чуқурлаштиришга кенг имкон яратилади. Бу билан туманда янги-янги иш ўринлар ташкил топади, бу соҳа бўйича мутахассисларга бўлган эҳтиёж ортади. Демакки, коллежларда, хусусан тиббиёт коллежида фармацевтика мутахассислари тайёрлаш изчил йўлга қў-йилади.

Яна шуни таъкидлаш жоизки, ташкил этилаётган эркин иқтисодий зоналарда алоҳида солиқ, божхона ва  валюта тартиблари амал қилади.

Жумладан, эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари томонидан тегишли инвестициялар киритилганда, улар ер солиғи, даромад солиғи, юридик шахслар мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови, шунингдек, Республика йўл жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига мажбурий тўловлардан, четдан келтириладиган технологик асбоб-ускуналар, хомашё ҳамда бутловчи буюмларни олиб киришда божхона тўловларидан озод этилади.

Ушбу берилаётган имтиёз ҳамда қулайликлар, шубҳасиз, маҳаллий ҳамда хорижий инвесторлар томонидан иқтисодиётга тўғридан тўғри инвестициялар киритилишига бўлган қизиқишни янада оширади.

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.