Мамлакатимиз Президентининг «Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан жорий йилнинг 1  январидан бошлаб четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт  буюмларни улгуржи ҳамда чакана сотиш учун янги қатъий нархлар белгиланди.

Эндиликда четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарилувчиларидан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъий назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан  ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланилган ҳолда амалга оширилмоқда.

Қарорда энг муҳим дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларининг барча дорихоналар учун мажбурий янгиланган минимал рўйхати, шифокор рецептисиз бериладиган дори-дармон воситалари рўйхатини тасдиқлаш хусусида ҳам тегишли бандлар мавжуд.

Шунингдек, дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларига нарх белгилаш тартиби қўпол бузилганлиги учун лицензияни бекор қилиш кўзда тутилган.

Қарорнинг ҳаётга татбиқ этилиши аҳолини арзон ҳамда сифатли дори-дармонлар билан янада тўлиқ таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

Яқинда Косонсой технология ва иқтисодиёт коллежи мажлислар залида ушбу қарор мазмун-моҳияти, унинг ижросини таъминлашга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Тумандаги дори-дармон ва тиббиёт буюмлари билан савдо қилувчи акционерлик жамияти шахобчалари, хусусий дорихоналар вакиллари қатнашган йиғилишда туман прокурори ёрдамчиси А. Исмоилов, туман ДСИ шўъба мудири Ж. Асқаров сўзга чиқиб, аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон билан таъминлашда Президентимиз қарорининг аҳамияти, уни ҳаётга изчил татбиқ этиш долзарб вазифа эканлигини қайд этишди.

Наврўзхон Каримов, 9-сонли марказий дорихона мудири, туман Кенгаши депутати.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.