Яқинда падари бузрукворимизни тупроққа қўйдик ва қанчалар катта йўқотиш юз берганлигини юрак-юракдан ҳис этдик. Тўғри, отамиз 85 ёшга киргандилар, Аллоҳга шукурлар бўлсинким, ҳамма ҳавас қиладиган даражадаги обрў-эътибор билан умр кечирдилар, аммо барибир жудолик ёмон экан. Дард бирданига хуруж қилиб, оғир касаллик қаро тунда у кишини биздан олиб кетди...

Дадамиз раҳматли онамиз билан биз, уч ўғилни вояга етказиб, элнинг корига ярайдиган қилиб тарбиялашди. Ҳозир кимнинг фарзандисан, дея сўрашса, Мукаррамхўжа Саидовнинг ёки Мунисхон аянинг, десак, ота-оналарингга балли, яхши инсонлардан яхши фарзандлар камол топади-да, дейишганида, ўзимиз ҳам қувониб кетамиз. Беихтиёр шукроналар билдирамиз.

Падаримиз узоқ йиллар тиббиёт соҳасида сидқидилдан фаолият кўрсатдилар. Нафақат педиатр врач бўлиб, балки тумандаги тиббиёт ўқув юртлари ҳамда курсларида дарс бериб, педагогликни ҳам ўрнига қўя билган юксак илм ва маҳорат соҳиби эдилар.

Қолаверса, туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи ўринбосари, поликлиника мудири сифатида ҳам эл-юртга хизмат қилдилар. Ҳаттоки, пенсия ёшига етиб, дам олишга чиққанларида ҳам шогирдлари ёнимизда туринг, дея яна ўз сафларига қўшганликларининг гувоҳиман.

Онамиз муҳандис бўлиб, қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожига муносиб улуш қўшдилар. Ҳам давлат ишининг, ҳам оиланинг уддасидан чиқа билдилар. Муҳими, ота-оналаримиз бизга ҳалол яшаш, одамлар билан хуш муомалада бўлишни ўргатдилар. Ҳеч қачон кибрга, мол-дунёга берилманглар, ҳамиша камтар яшанглар, дея кўп марта такрорлардилар.

Бугун дадамизни ёд олар эканман, у кишининг доимо кулиб турган очиқ чеҳраси, мулойимлик билан сўзлаши кўз ўнгимда гавдаланади. Бировнинг дилини оғритиш падари бузрукворимга ёт эди. Бизга ҳам доимо яхши гаплар билан муносабатда бўлардилар. Бирор хатоликка йўл қўйганимизда ҳам ортиқча дакки-дашном бермасдилар. Ҳамма нарсани ётиғи билан тушунтирардилар. Шуларни эслаб, илоҳим жойлари жаннатда, охиратлари обод бўлсин, дейман. Сизларга муносиб фарзандлар бўлиш учун доимо ҳалол-у покликда яшаймиз, отажон, онажон! 

М. САИДОВ.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.