АНОР

Ҳозир куз. Анор меваси айни пишиб етилаётган палла. Шундай пайтда табиатнинг бу бебаҳо неъматидан унумли фойдаланиш организм учун ниҳоятда фойдалидир.

Анор шарбатига сув ва асал қўшиб ичсангиз, бу иммунитетингиз мустаҳкамланишига ёрдам беради. Қолаверса, камқонликда, атеросклерозда ҳам даво дейишади. Қон босимини меъёрлаштириш, радиация нурланишининг олдини олишда ҳам анорнинг шифобахшлик хусусияти ижобий таъсир қилади.

Овқатланишдан аввал 2-3 ошқошиқ анор шарбатидан ичсангиз, ўт пуфаги ва сийдик қопчасидаги тошларни туширишда яхши самара бериши мумкин.

Аланга оқибатида терингизга шикаст етса, бир ошқошиқ анор шарбатига 10 ошқошиқ сувни аралаштириб, куйган жойни ювинг. Сўнгра анор пўчоғидан тайёрланган кукун сепсангиз, шифо топасиз.

Анор пўчоғи қайнатмаси ичкетишда ҳам ёрдам қилади. Шунингдек, у билан томоқ ғарғара қилиб чайилса, самара бериши мумкин.

Анорни уруғи билан янчиб, унга зайтун мойи қўшиб ичилса, озишни истаганларга ёрдам бўлади.

*********************

ОЁҒИНГИЗ СОВУҚ ҚОТСА...

Куз келиб, эрталаб ва кечки пайт бироз аёзли ҳаво сезила бошлади. Бу организмга ҳам таъсир этмай қолмайди. Кўпинча оёғимиз совуқ қота бошлайди. Мутахассисларнинг фикрича, бу қилтомир (капиллярлар)да қон айланишининг сусайиши билан боғлиқ экан. Оёқда қон айланишини яхшилашнинг халқ табобатида тавсия этиладиган бир неча услублари ҳақида маълумот берамиз.

- Кечки пайт бир стакан қатиқ ёки кефирга икки қошиқ гречка кукунидан солинг ва аралашмани эрталаб наҳорга ичинг. Кундузи эса айни шундай аралашмани тайёрланг ва кечки пайтда истеъмол қилинг;

- бир стакан қайноқ сувни бироз совутинг ва унга прополис эритмасини қўшиб,  наҳорга ёки кундузи оч қоринга ичинг;

- оёқ тагини ҳар куни уқалашдан эринманг;

- кунига 3-4 маротаба олма сиркасини оёқларингизга ишқаланг;

- олма сиркасини ва асални тенг  миқдорда қўшиб, аралаштиринг, сўнг оз-оздан ичинг;

- ҳар куни бир маҳал иссиқ сувга 5-6 томчи скипидар ва 2 қошиқ горчица кукунини солиб, оёқни ванна қилинг;

- кечасига жунпайпоқ кийиб ётсангиз ҳам яхши наф беради;

- занжабилни чойга ёки овқатингизга қўшиб, истеъмол қилинг;

- ғадир-будур жойда ялангоёқ ҳолда тоқатингиз етгунича юринг, фойда беради.

И. КАРИМОВ, халқ табобатига оид

китоблар асосида тайёрланди.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.