Кейинги пайтда Президент иштирокидаги видеоселектор йиғилишларида коронавирус тарқалиб кетишининг олдини олиш масаласи тез-тез муҳокама қилинмоқда. "Такрор айтаман, биз энди пандемия шароитида яшашга, меҳнат қилишга ўрганишимиз шарт. Чунки ҳаёт давом этмоқда. Ҳаёт биздан ақл-идрок, сабр-тоқат, метин интизом билан ҳаракат қилишни талаб этмоқда".

Бу гаплар Давлат раҳбари томонидан айтилганлиги,  коронавирус пандемияси билан боғлиқ ҳолатлар энг муҳим масала сифатида муҳокама қилинаётганлиги вазият ниҳоятда жиддий эканлигини билдиради. Аммо биз, фуқаролар буни тўла-тўкис ҳис этаяпмизми? Зарурат туғилмаса, кўчага чиқмаслик қайта-қайта такрорланаётганига қарамасдан, одамларимизнинг шунчаки кўчада юришлари, тўпланиб, ўзаро суҳбат қуришлари ҳали ҳануз давом этаётгани ниҳоятда ачинарли.

Бугунги кунда туманимиз бў-йича 208 минг 900 нафар аҳоли истиқомат қилади. Бизнинг вазифамиз шунча одамларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш ҳисобланади. Бундай ғоят масъулиятли вазифа юкини пандемия шароитида янада чуқурроқ ҳис этмоқдамиз. Чунки ўта юқувчан вирус тарқалиб кетмаслигининг олдини олиш ниҳоятда долзарб масала. Шунинг учун ҳар куни ҳушёрлик билан иш ташкил этиш, айниқса, чекка ҳудудларда аҳолига сифатли хизмат кўрсатишни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Патронаж хизмати кучайтирилган. Ҳозиргача хориждан қайтган фуқароларни аниқлаш ва уларни тегишли тартибда назоратга олишга аҳамият берилмоқда. 6 та оилавий поликлиника ҳамда 8 та қишлоқ врачлик пунктларида фаолият кўрсатаётган врач ҳамда ўрта тиббиёт ходимларимиз томонидан барча хонадонлар қамраб олинди. Коронавирусдан сақланиш бўйича энг зарур кўрсатма ва тавсиялар мунтазам бериб келинмоқда.

Карантинга олинган, ундан чиққанлар ҳамда вилоят марказидаги шифохонада даволанаётганлар ҳисоби изчил юритилмоқда. Шунингдек, уй карантинида сақланаётган тумандошларимизнинг саломатликлари ходимларимиз томонидан ҳар куни оралиқ масофани сақлаган ҳолда кузатиб борилмоқда. Қолаверса, уйда ётиб қолган ногиронлар ва бошқа беморларга тор доирадаги мутахассислар ёрдамида тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

Карантиндагиларни озиқ-овқат, тиббий анжомлар ва дори-дармонлар билан таъминлашда давлатимизнинг доимий эътиборини ҳис қилиб турибмиз. Айни пайтгача бирлашмамиз ихтиёрига 5 та ИВЛ (сунъий нафас олдириш аппаратлари) ва бошқа зарур жиҳозлар берилди. Шунинг-дек, коронавирус инфекциясига шубҳа қилинган ва уйда даволанаётган беморларга хизмат қилиш учун алоҳида автотранспорт воситалари ажратилиб, мобиль бригадалари ташкил этилган. Яъни инфекционист ва эпидемиолог врачлар ҳамда дезинфекцияловчи мутахассисдан иборат гуруҳ махсус жиҳозланган автомобилда вирус билан зарарланган аъзоси бор оилага боради, ҳолатни обдон ўрганади. Керакли текширувлар ўтказилгач, беморга амалий ёрдам кўрсатилади. Уйда даволаниш учун шароит бўлса, бириктирилган ҳудудий шифокор кузатувида муолажалар белгиланиб,  хонадон карантинга олинади.

Бирлашмамиз қошида 24 соат давомида аҳолига онлайн тиббий маслаҳатлар берадиган Кол-марказ фаолият кўрсатмоқда. Тумандошларимиз ўзларини қизиқтирган барча саволлар бў-йича 69-65-21-706 ёки 69-65-22-704 рақамли телефонларга мурожаат этиб, тегишли жавобларни олишлари мумкин.

Юртбошимиз таъкидлаганидек, дунё бўйича қайси давлатда тиббий маданият, тартиб-интизом кучли бўлса, ўша мамлакат пандемиядан энг кам талафот билан чиқмоқда. Шундай экан, барчамиз тартибларга амал қилайлик! Биз азал-азалдан покиза, тартиб-интизомли халқ бўлганлигимизни яна бир бор исботлайлик. Ўзбекистон тождор вирус тарқалишининг олдини олиш ва бу офатдан қурбон бўлганлар сонининг камлиги жиҳатидан энг юқори ўринларни эгаллаб келаётган экан, доимо шундай кўрсаткичда қолайлик. Кўринмас душманни ақл-идрок билан, ўзаро ҳамжиҳатликда енг-гайлик!

 Олимжон ҚОСИМОВ, туман тиббиёт

бирлашмаси бошлиғи.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.