Тамаки, яъни сигарета чекиш энг зарарли одатлардан биридир. Чунки тамакига ўрганган одам нафақат ўзини, балки атрофдагиларни ҳам зарарлайди. Ишхонасидагилар, оила аъзолари, хусусан, фарзандларининг организмига нафас йўли орқали тамаки тутунидаги заҳарли моддалар киради ва уларга шикаст етказади.

Тасаввур қилинг, кашанданинг ҳомиладор аёли эри чекиб ўтирган хонада яшаяпти. Тутун аёлнинг организмига тушгач, никотин қон орқали айланиб, 30 сония ичида ҳомиланинг миясига  етиб боради ва уни зарарлайди. Олимларнинг кузатишларича, бундай болаларда турли туғма нуқсонлар кузатилар экан.

Чекишга ружу қўйган одам соғлиғини ҳам, маблағини ҳам, қолаверса, қимматли вақтини ҳам йўқотади. Шуни назарда тутган ҳолда айрим хорижий мамлакатларда иш берувчилар чекувчиларни ишга олишда уларга алоҳида шартлар қўйишар экан.

Шунингдек, узоқ муддат чекиш асаб, юрак-қон томир тизимига, ошқозон-ичак фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Бир кунда бир қути сигарета чекувчиларнинг умри 8 йилга, икки қути чекувчиларники эса 15 йилга қисқариши ҳам кузатувлар орқали далилини топган.

Ҳар йили тамаки туфайли 6 миллионга яқин одам ҳаётдан бевақт кетишини назарда тутсак, бу ёмон иллат нақадар хатарли кучга эга эканлигини англаб етиш қийин эмас. Қолаверса, ўлим ҳолатлари чекмайдиганларга нисбатан чекувчиларда 30-80 фоиз юқори эканлигини ҳам унутмаслик лозим. Шундай экан, ҳар бир ақли расо одам чекишга асло ўрганмаслиги керак. Мабодо бу одатни канда қилмаётган бўлса, уни ташлашга уриниб кўриш зарур. Зеро, инсон саломатлиги жуда ҳам қимматли неъмат.

Ё. МАМАЖОЛОВ, туман "Саломатлик" бўлими врачи,

Ҳ. ЖАББОРОВА, ҳамшира.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.