Узоқ йиллардан буён туман тиббиёт бирлашмасининг ички касалликлар бўлимида ҳамшира сифатида фаолият кўрсатиб келган Раъножон Досматова ҳамма касбдошлари қатори Тиббиёт ходимлари куни арафасида байрамона кайфиятда юрганди. Кадрлар бўлимига чақириб, Тошкентда бўладиган тантаналарда қатнашишини айтишди. 

Пойтахтдаги ҳашаматли саройда Юртбошимизнинг соҳа хизматчиларига табригини жон қулоғи билан тинглаб ўтирган ҳамшира Президент Фармонига кўра бир гуруҳ тиббиёт ходимлари қаторида мукофотланганини эшитиб, қўшалоқ қувончни ҳис этди. Ич-ичидан яйраб кетди. Хуллас, тантанали маросимдан завқ-шавқ олибгина қолмасдан, туманимизга "Шуҳрат" медали билан қайтди.

Р. Досматова бундайин юксак эътирофга 23 йиллик ҳалол ва фаол меҳнати туфайли эришди. Беморлар дардига даво бериб, муолажаларни сифатли амалга оширибгина қолмасдан, шифо истаб мурожаат этувчиларга самимий муносабати туфайли эл ўртасида обрў-эътибор қозонди. Сидқидилдан хизматлари эса туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан рағбатлантирилди.

- Албатта аввало, камтарона меҳнатим давлатимиз раҳбари томонидан эътироф этилганлигидан ниҳоятда хурсандман, - дейди Раънохон. - Қолаверса, бу нафақат мен, балки тумандаги барча фаол касбдошларимга берилган мукофот деб биламан. Яна шуни ҳам алоҳида таъкидлашни истардим, бундай мартабага эришишимда илк устозим - онам Санобар Қосимованинг ҳиссалари катта деб биламан. Чунки волидаи муҳтарамамнинг ўз ишига садоқат билан ёндошиб, халқ меҳрига савозор бўлганлиги менда ҳамшираликка нисбатан чексиз ҳавасни уйғотган. Натижада Косонсой тиббиёт билим юртида ўқиб, диплом олдим. Касб сирларини ўрганишимда биринчи устозим Олимжон ака Қосимов, Файзулла Ҳафизов, тажрибали ҳамширалардан Робия Солиева ҳамда Ҳурматой Абдуллаевалар энг яқин кўмакдош бўлдилар. Бунинг учун чексиз миннатдорман ва барчаларига раҳматлар айтаман!

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.