Ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорларга 2019 йилда юртимизда етиштирилаётган мева-сабзавотларни қайси хорижий бозорларга экспорт қилиш учун рухсат олиниши борасида бир қатор қулайликлар яратилмоқда.
"Ўздавкарантин" мазкур масалани ўз ваколати доирасида атрофлича кўриб чиқмоқда. Айни пайтда Хитой, Корея, Япония, Миср, Ҳиндистон, Таиланд, Вьетнам, Индонезия, АҚШ каби давлатлар бозорига асосан ҳўл мева маҳсулотларни сотиш бўйича ўрганишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, импорт билан шуғулланадиган тадбиркорларга МДҲ, Европа Иттифоқи, Бирлашган Араб Амирликлари мамлакатлари ва Малайзия, Сингапур давлатларидан "Ўздавкарантин" инспекциясининг Фитосанитар сертификатига асосан, барча турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларини олиб киришга рухсат этилганини маълум қиламиз.
Ўзбекистондан Россияга қўл юкида мева-сабзавотлар, қуритилган мева ва ёнғоқлар олиб киришга рухсат берилди. Одамларга қулайлик яратиш, уларнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш, миллий маҳсулотлар экспорти географиясини кенгайтириш, юртдошларимиз қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ўзлари билан олиб ўтишда вужудга келаётган айрим тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш мақсадида "Ўздавкарантин" инспекцияси билан "Россельходнадзор" ўртасида музокаралар олиб борилди. Натижада Новосибирск вилоятидаги "СВХ Легион Сибирь Плюс" ўтказиш пунктида ва Челябинскдаги "СВХ Логистик Чел", Оренбургдаги "СВХ Сервис - продукт", Свердловдаги "СВХ Оборонснабсбит", Москва вилоятидаги "СВХ Автологистика", "СВХ Лион", "СВХ Фуд логистика" чегара постларида "Яшил йўлак" тизими жорий этилди.
"Яшил йўлак" тизимидаги ўтиш пунктлари сони 7 тадан 11 тагача кўпайтирилди. Яратилган бундай қулайликлар туфайли тадбиркорларимиз янги лойиҳалар устида изланадилар, албатта.
И. Баҳодиров, вилоят ўсимликлар карантини
ҳудудий инспекциясининг тумандаги инспектори.