"Косонсой-фарм" эркин иқтисодий зонаси учун дори-дармон воситаларини ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширишга ажратилган ҳудудда бунёдкорлик ишлари бошланиши олдидан маросим ўтказилди. Унда вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Х. Бозоров, туман ҳокими в.б. Ж. Юлдашев, тадбиркорлар, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Давлатимиз раҳбари томонидан юртимизда фармацевтика саноатини ривожлантиришга, аҳоли ва даволаш профилактика муассасаларини ўзимизда ишлаб чиқарилган сифатли, юқори самарали ва хавфсиз дори-дармон воситалари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 3 майдаги "Нукус-фарм", "Зомин-фарм", "Косонсой-фарм", "Сирдарё-фарм", "Бойсун-фарм", "Бўстонлиқ-фарм" ва "Паркент-фарм" эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида"ги Фармони айнан ана шу мақсадга хизмат қилмоқда. Бу муҳим ҳужжат, биринчи нав-батда, Республикамизнинг фармацевтика соҳасини ривожлантиришга, дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, аҳолини ўзимизда ишлаб чиқарилган юқори сифатли дори-дармонлар билан таъминлашни янада яхшилашга катта имконият яратмоқда.

Фармацевтика саноатини ривожлантиришга йўналтирилган эркин иқтисодий зоналар рўйхатига иқлим шароити соф, экологик жиҳатдан тоза ҳудудлар, шу жумладан, бизнинг Косонсой тумани  киритилганлиги давлатимиз раҳбарини юртимизнинг энг чекка гўшаларидан бири бўлган туманимизга бўлган эътибор ва ғамхўрлигининг амалдаги намунаси бўлди.

-Фармон ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимининг 290 -сонли қарори қабул қилиниб, "Косонсой-фарм" эркин  иқтисодий зонасини ташкил этиш ва инвестиция лойиҳаларини татбиқ этиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, дори-дармон воситалари тайёрлаш лойиҳаларини амалга ошириш учун ажратилган ҳудуд - "Намуна" массивида бажарилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди,-дейди "Косонсой-фарм" ЭИЗ дирекцияси раҳбари Юнусхон Мубораков.- Бундан ташқари доривор ўсимликларни етиштириш учун тумандаги "Бухоро" ҳудудидан 100 гектар ер ажратилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 сентябрдаги 691-сонли қарорига асосан "Косонсой-фарм" ЭИЗ ҳудудида транспорт, муҳандислик коммуникация ҳамда ишлаб чиқариш инфратузилмаларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

Хусусан, Туятойди массивидаги 2.9 км оралиқ масофадан 720.0 млн. сўмлик газ тармоғи, 1.4 млрд. сўм маблағ ҳисобига мавжуд сув олиш қудуғини реконструкция қилиш, янгисини ковлаш, 1.2 км. ичимлик сув тармоғини тортиш, электр таъминотини яхшилаш мақсадида янги трансформаторлар ўрнатиш каби ишлар изчиллик билан олиб борилмоқда.

Ўтган даврда 84 млрд. сўмлик 14 та лойиҳани амалга ошириш юзасидан таклифлар олинди.

Тадбирда вилоят ҳокими Х. Бозоров ҳар бир лойиҳа билан танишиб, бу хайрли ва эзгу ишга бош қўшаётган тадбиркорлар билан мулоқотда бўлди.

"Жўрабек" ота хусусий корхонаси лойиҳасининг умумий қиймати 3 млрд. 600 миллион сўмни ташкил этиб, унда 40 турдан зиёд сурма дори воситалари, таблеткалар ишлаб чиқариш ўз аксини топган. Корхона ишга туширилгач ўттизга яқин кишини иш билан таъминлаш имконияти вужудга келади.

"Водий улгуржи саноат савдо" МЧЖ тиббиёт лаборатория жиҳозлари каби 50 дан ортиқ тиббий асбоб -анжомлар тайёрлашни йўлга қўймоқчи. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 2,5 млрд сўмни ташкил этиб, 50 та иш ўрни яратилади.

"Саломатлик диёр келажак сари" МЧЖ томонидан тақдим этилган лойиҳанинг қиймати 4.3 млн долларни ташкил этиб, аналгин, димедрол, парацетамол, диазолин, витамин В12, рибоксин каби 64 турдаги дори воситалари ишлаб чиқариш кўзда тутилмоқда. Лойиҳани уч бос-қичда, яъни 2018-2021 йилларда ишга тушириш режалаштирилган. Босқичма босқич юзга яқин янги иш ўринлари яратишга эришилади.

"Спринг фармацевтик" МЧЖ лойиҳасининг биринчи босқичини жорий йилнинг иккинчи чорагида ишга туширишни режалаштирган. Мазкур МЧЖнинг умумий қиймати 4,3 млн. долларни ташкил этган лойиҳасида 50 турдаги дори-дармон ишлаб чиқариш ва 60 та янги иш ўринлари яратиш белгиланган.

"Тадмедфарм" МЧЖ, "Мед диагноз фарм" МЧЖ, "Турон тиббиёт" МЧЖ, "Фирдавсбек фарм савдо сервис" МЧЖ, "Мубина Бобур-фарм" МЧЖ, GAYRAT FARM STAR" МЧЖ, FОRTEKS МЧЖ каби жамиятлар лойиҳалари ҳам Президентимиз Фармонида белгиланган вазифалар - доривор ўсимликлар хомашёсини қайта ишлаш ва дори-дармон воситалари, тиббиёт буюмлари, ёрдамчи ва қадоқлаш материаллари тайёрлаш бўйича янги замонавий ишлаб чиқариш ва қувватларни ташкил этишга, маҳаллий доривор ўсимликлар хомашёси ва материаллари негизида фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнини чуқурлаштиришга кенг имконият очади. Бу билан янги-янги иш ўринлари яратилади, соҳа бўйича малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёж ортади.

Янги ташкил этилган эркин иқтисодий зонада фармонга асосан алоҳида солиқ, божхона ва валюта тартиблари амал қилади. Жумладан, эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари томонидан тегишли инвестициялар киритилганда, улар ер солиғи, даромад солиғи, юридик шахслар мулк  солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи кабилардан, мажбурий тўловлардан, четдан келтириладиган технологик асбоб- ускуналар, хомашё ҳамда бутловчи буюмларни олиб киришда божхона тўловларидан озод этилади.

Бу имтиёз ва қулайликлар инвесторларни инвестициялар киритишга бўлган қизиқишларини янада оширмоқда.

Маросимда қўй сўйилиб, Қуръон тиловат қилинди, эзгу ва хайр-ли ишларга оқ фотиҳа берилди.

 

Муҳаммадхон АКРАМОВ,

"Косонсойнома"нинг махсус мухбири, ТИҲ-

ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳи аъзоси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.