Президентимизнинг «Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2017-2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори, шу асосда қабул қилинган вилоят, туман ҳокимлари қарорлари ижросини таъминлаш юзасидан туманда бир қатор ишлар амалга оширилди.

Туманда мавжуд 32 та кўп қаватли уйларда 10 та уй-жой мулкдорлари ширкатлари ташкил этилган. 2017-2018 йиллар куз-қиш мавсумини намунали ўтказиш учун 7 та уй-жойнинг том қисмлари имтиёзли кредит, хонадон эгаларининг бир марталик тўловлари ва ҳомийлар ёрдамида мукаммал ва жорий  таъмирланди. 11 та уй-жойнинг том қисмлари таъмирталаб бўлиб, шу кунгача иккитасида таъмирлаш ишлари бажарилди. «Боғишамол-1» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган «Боғишамол обод маскани» ширкатига қарашли 4 қаватли, 48 хонадондан иборат уй-жойнинг том қисмини таъмирлаш учун жами 144 млн. сўм маблағ режалаштирилиб, ҳозирги кунда 25 млн. сўм кредит маблағи ажратилган бўлиб, ушбу маблағ лойиҳа-смета ишлари, экспертиза, суғурталаш ва материал жамлаш учун сарфланган.

«Агробанк» туман бўлими томонидан қўшимча 119 млн. сўм кредит маблағи ажратилиши режалаштирилган. Таъмирлаш ишлари «Комилхон Косоний қурилиш» МЧЖ ва ширкат томонидан амалга оширилиши режалаштирилган. «Олмазор» МФЙда жойлашган «Чаманзор гуллар водийси» ширкатига қарашли 2 қаватли 8 хонадондан иборат уй-жойнинг том қисмини таъмирлаш учун кредит маблағлари, уй хўжаликлигини сақлаш бўйича тўлаб бориладиган мажбурий ва ихтиёрий бадаллар ҳамда бир марталик мақсадли тўловлар ҳисобидан бажарилиши режалаштирилган. Қолган 9 та кўп қаватли уй-жойни таъмирлаш хонадон эгаларининг мурожаатларига асосан 2018 йилда имтиёзли кредит маблағлари ва бир марталик тўловлар асосида амалга оширилади.

Дастур асосида жорий йилда 674 миллион сўмлик имтиёзли, 9 ва 14 фоизлик 5-7 йиллар давомида  қайтарилиши режалаштирилган кредит маблағларидан фойдаланиш учун ҳужжатлар расмийлаштирилди ва банклар томонидан кредит маблағи ажратилди.

Жумладан, «Гулистон-2» МФЙда жойлашган 4 та кўп қаватли уйларни том қисмини мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди. «Сўлим Гулистон» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига қарашли 6-уйда қурилиш ишлари ширкат ҳамда кредит маблағи ҳисобидан амалга оширилди. Худди шу ширкатга қарашли 9-уйда ҳам 45.0 млн сўм кредит маблағи ҳисобига қурилиш ишлари олиб борилди. «Сайида Гулистон» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига қарашли 4-уйнинг том ва фасад қисмлари мукаммал таъмирланди. «Саноат Гулистон» ХУЖМШга қарашли 10-уйда  ҳам 40.0 млн. сўм кредит маблағи эвазига уйнинг том қисми мукаммал таъмирланди.

 

У.Бурхонхўжаева, туман уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими

бош мутахассиси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.