Юртимизда аҳоли пунктларининг санитария ҳолатини яхшилаш, маиший чиқиндиларни тўплаш, ташиш, қайта ишлаш, утилизация қилиш ва кўмиш ишларининг самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор кучайтирилмоқда. Президентимизнинг шу йил 21 апрелдаги «2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳам юртимизда экология ва санитария муҳитини янада яхшилаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, шаҳар ва қишлоқларимизнинг янада обод ва кўркам бўлиши учун муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилади.

Ушбу муҳим ҳужжат билан вилоятлардаги экология ва атроф – муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари ҳузуридаги «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхоналарининг самарали фаолият юритиши учун муҳим вазифалари белгилаб берилди.

Жорий йил 28 сентябрдаги вилоят ҳокимининг «Вилоятдаги қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб чиқариш хизматини кўрсатиш бўйича янги тарифларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори билан вилоятда қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб чиқариш бўйича санитар-тозалов хизматининг чекланган тарифи аҳоли учун бир кишига ойига-2000 сўм, юридик истеъмолчиларга-30000 сўм этиб белгиланди.

Хизмат кўрсатилаётган маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги жисмоний шахсларни қайта хатловдан ўтказиш, абонентлар базасини шакллантириш, маҳалла фуқаролар йиғинлари билан келишилган ҳолда аҳоли хонадонларидан қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб чиқариш бўйича «Сигнал» тизимини жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, чиқинди ташиш транспортларини ҳаракатланиши бўйича замонавий ахборот – коммуникация технологияларини, шу жумладан, транспортларнинг ҳаракатланиши устидан «онлайн» режими асосида масофавий назорат (GPS) тизимини жорий этиш ҳам кўзда тутилган.

Б. Жаҳонгиров, вилоят «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхонасининг тумандаги вакили,

А. Қодиров, туман филиали раҳбари.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.