Макроиқтисодий барқарорликни янада  мустаҳкамлаш, юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобига ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш ва бунинг эвазига мамлакат экспорт салоҳиятини кучайтириш 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётни ривожлантиришда ҳудудий эҳтиёжлар ва манфаатлар нуқтаи назаридан келиб чиқиб иш кўриш, дастурлар ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этади.

-Туманнинг жорий йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурида ҳам айнан шу жиҳатларга алоҳида эътибор берилган,- дейди туман иқтисодиёт ва комплекс ривожлантириш бўлими бошлиғи У. Худойбердиев.- Хусусан, жорий йилда жами 94 та, шундан саноатда 24 та, қишлоқ хўжалигида 34 та ва хизмат кўрсатиш соҳасида 36 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.

Дастурда биргина саноат йўналишидаги лойиҳаларга 52 млрд. 430 млн. сўм (шундан 41 млрд. 310 млн.сўми банк кредити ҳисобига) маблағ сарфлаш ҳисобига 568 та янги иш ўринлари яратиш белгиланган.

Йилнинг биринчи ярмида дастурда белгиланган йирик лойиҳалардан бири амалга ошди: ORIENTAL GARMENT TEXTILES» МЧЖ томонидан трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ва бу мақсадлар учун 800.0 млн. сўм маблағ сарфланди. Натижада 100 та иш ўрни бунёд этилди. SOF SIFAT TEKSTIL МЧЖда сочиқ маҳсулотлари тайёрлаш бўйича 3500,0 млн. сўмлик лойиҳа ўз муддатида бажарилиб, 154 та янги иш ўрни яратилди.

Шунингдек, саноатда кўзда тутилган бошқа лойиҳалар, яъни HIGH SLASS CHOICE GROUP МЧЖ да 300,0 млн. маблағ ўзлаштирилиб, трикотаж маҳсулотлари, «София соф текстил» қўшма корхонасида пайпоқ тайёрлаш йўлга қўйилиб, янги-янги иш ўринлари ташкил этилди. Саноат корхоналарини  модернизация қилиш ишлари ҳам режали равишда амалга оширил-япти.

Ҳаракатлар стратегиясида ҳар бир ҳудуднинг ўз табиий географик имкониятларини ҳисобга олиб қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, тупроқ унумдорлиги ва экинлар ҳосилдорлигини ошириш, янги ва харидоргир маҳсулотлар етиштириш орқали жаҳон бозорига чиқишнинг янги йўналишларини жорий этиш назарда тутилади.

2017 йилда туман қишлоқ хўжалиги йўналишида жами 12 млрд. 785 млн. сўм (шундан 5 млрд. 812 млн. сўми банк кредити ҳисобига)лик лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш ҳисобига қўшимча 257 та янги иш ўринлари яратиш белгиланган. Ўтган даврда 3 та чорвачилик, 5 та паррандачилик, 2 та балиқчилик, 3 та асаларичилик, 1 та боғдорчилик, 1 та узумчилик ва 2 та совутгичли омборхоналар ташкил этиш бўйича лойиҳалар амалга оширилиб, 219 та иш ўрни ташкил этилди.

Хизмат кўрсатиш йўналишида жорий йилда белгиланган 36 та лойиҳанинг қиймати 8 млрд. 965 млн. сўмни ташкил қилади. Ярим йилликда 3340.0 млн. сўм маблағ эвазига 18 та лойиҳа ижро этилди. Натижада қўшимча 54 нафар кишини хизмат кўрсатиш билан банд этиш имконияти вужудга келди.

М. Акрамов.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.