Қўқимбойнинг «Янги йўл»маҳалласи аҳолиси асосан чорва ва деҳқончилик билан шуғулланади. Кейинги йилларда тадбиркорлик, оилавий бизнес ва томорқа хўжалиги билан шуғулланувчи оилалар сони ортиб бормоқда. Шулардан бири Акмалжон Ҳайитовлар оиласидир.

Оилада ўн нафар жон бор. Оила соябони Ҳурматой опа Темирова фарзандларига тўғри йўл кўрсатиб, дуо-да бўлади.

Бундан бир-икки йил бурун Акмалжон укалари Сардор ва Санжарни ёнига олиб, 35 сотих ерга иссиқхона қуриб, 80 туп лимон, помидор кўчатлари етиштира бошлади. Бу ишда тажрибали бўлган тоғаси Б. Темиров жиянларига йўл-йўриқ, маслаҳатлар бериб турди.

Дастлабки йили помидордан яхшигина ҳосил олди. Икки йил ўтиб эса лимонлар шундай ҳосилга кирдики, ҳар бир тупида ўртача 6-8 килодан ҳосил етиштирилди. Иссиқхона туфайли оила аъзоларидан ташқари 2 нафар қишлоқ аёли иш билан таъминланди. Акмалжон оилавий бизнесни кенгайтиришга аҳд қилиб, қорамол боқишни ҳам йўлга қўйди. Ҳозирда оиланинг зотли моллари сони олтитага етди. Оила саркори Акмалжон қишлоқ ёшларининг спорт билан шуғулланишига шароит яратиш мақсадида кичик футбол майдони қуришга бел боғлади. Бу лойиҳа учун «Ипак йўли» банкидан 3 йил муддатга 60 млн. сўм миқдорида кредит олишди.

Шу маблағ ҳисобига барпо этилган спорт майдончаси бугун қишлоқ ёшларининг бўш вақтларини мазмунли ўтишига хизмат қилмоқда. Олинган кредит маблағини шу йил охиригача тўла қоплашади. Чунки бу йил биргина иссиқхонадан 15 млн. сўм даромад олиш мўлжалланган. Қишлоқнинг тадбиркор оиласи очиқ майдонда интенсив боғ яратиб, олма, беҳи, шафтоли мевалари етиштиришни ҳам йўлга қўйишган.

Ҳаракатда баракат деганларидек, бугун оила ҳамжиҳатликда наинки ўзлари, балки эл-юрт тўкинлиги учун меҳнат қилишмоқда.

-Келгусида иссиқхонани, боғни янада кенгайтириб, 20 кишини иш билан таъминлашни кўзлаяпмиз,-дейди Акмалжон Ҳайитов биз билан суҳбатда. -Спорт майдони ёнида қишлоқ аёллари учун «Гўзаллик салони», салқин ичимликлар дўкони очишни режалаштирганмиз.

Эзгулик йўлидаги режаларимизни амалга ошишига ҳеч шубҳамиз йўқ. Чунки мамлакатимизда тадбиркорлар учун кенг имкониятлар яратилган.

Юлдуз Усмонхонова.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.